Айни вақтда Шавкат Мирзиёев ҳузурида халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

«Январь ойида мактаб таълимини ривожлантириш бўйича 5 та устувор йўналишда аниқ вазифаларни белгилаб, барча масалалар ҳал қилиб берилган эди. Лекин бирорта ислоҳот осон бўлмайди. 2022 йилни ҳокимларнинг мактабга эътибори йили деб эълон қилганимиз ва туман ҳокими „РайОНО“ мудири бўлади, деган вазифаларни, афсуски, ҳамма ҳокимлар ҳам ҳали тўлиқ тушуниб етгани йўқ», — деди давлат раҳбари.

Президент соҳадаги ишлар аҳволи қониқарсизлиги учун вилоят ва туман ҳокимларини кескин танқид қилди.

Жумладан, икки ойда барча ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар натижасида республикадаги 852 та мактабда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси анча пастлиги аниқланган. Бу борада энг оғир аҳвол Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистонда экани кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда республика бўйича 1526 та мактаб болалар тарбияси, давомат, маънавий муҳит бўйича «қизил» тоифага киритилганлиги таъкидланди.

Айниқса, Тошкент шаҳридаги 69 та мактаб, Сурхондарёда 169 та ва Қорақалпоғистонда 128 та, Сирдарёда 54 та, Фарғонада 162 та, Тошкент вилоятидаги 147 та мактабларда муҳит қониқарсиз деб топилган.

«Бу туман ва шаҳар ҳокимлари мактаб масалалари ичига умуман кирмаганлигидан далолат. Январда ўтган селектордан кейин ҳам улар ўзига хулоса қилмаган. Ушбу вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларини охирги марта огоҳлантираман. Агар уч ойда ўзгариш бўлмаса, жиддий чора кўрилади», — деди президент.

«Бугунги кунда мактабнинг энг катта муаммоси — ўқитиш методикасининг мутлақо эскирганлиги. Афсуски, мактаб таълими эски қолипдан чиқа олмаяпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу йилнинг январь ойида бўлиб ўтган йиғилишда президент мактаб таълими тизимидаги камчилик ва муаммоларни танқид қилганди. Унинг сўзларига кўра, 1,5 мингдан ортиқ мактаб мукаммал таъмирга муҳтож, ҳанузгача пахсадан қурилган 179 та мактаб мавжуд. «Мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Чунки биз кўп вақт йўқотганмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.