Ўзбекистон ҳакамлик судлари ассоциацияси ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкент шаҳар ҳакамлик судьяси пора олаётганида ушлангани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Ўзбекистон ҳакамлик судлари ассоциациясининг ЎзАга маълум қилишича, Тошкент шаҳар ҳакамлик судининг судьялари пора билан ушланган эмас.

«Жиноят устида пора билан ушланганлар Халқаро арбитраж судининг судьяларидир», — дейилади муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, душанба куни Бош прокуратура департаменти Ўзбекистон ҳалқаро арбитраж ва ҳакамлик судларини ривожлантириш жамоат фонди ҳузуридаги Тошкент шаҳар ҳакамлик суди судьяси ишни жавобгарнинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 4 минг доллар талаб қилиб, шундан 2,5 минг долларни олганида қўлга тушганини хабар қилган эди.