Boston Dynamics компанияси Stretch робот-манипуляторини сотишни бошлади, дея хабар берди «Секрет фирмы» нашри. Роботнинг прототипи бир йил олдин тақдим этилган эди.

Stretch фақат битта вазифа — қутиларни бир жойдан бошқа жойга кўчиришни бажара олади. Робот бу функсияни 360º га айлана олувчи қўл билан амалга оширади. Унинг иш қуввати соатига оғирлиги 23 кг гача бўлган 800 та қутини ташиши мумкин.

Робот объектларни аниқлаш учун турли хил датчиклар, сунъий интеллект ва компютерни кўриш тизими билан жиҳозланган. Stretch’нинг техник хусусиятлари уни қўшимча ўлчовлар (калибровка)сиз ҳар қандай объектларга жойлаштиришга имкон беради. Шунингдек, олдиндан дастурлаш ҳам талаб қилинмайди.


Ҳажми 101×101 см бўлган ғилдираклар базаси туфайли робот чекланган жойда ҳаракатлана олади. Stretch’нинг вазни 1,2 тонна, ишлаш муддати 8 соатдан ортиқ, аккумулятор билан — 16 соат. Ушбу янги роботнинг нархи ҳозирча очиқлангани йўқ.

Қайд этилишича, 2022 йилда етказиб бериш режалаштирилган барча роботлар аллақачон сотиб бўлинган. Кейинги буюртмалар 2023 ва 2024 йилларда қабул қилинади.

Boston Dynamics янги моделининг биринчи тижорат мижози DHL логистика компанияси бўлди. Эълон қилинган пресс-релизга кўра, шартнома миқдори 15 млн долларни ташкил этди. Stretch ёрдамида компания Шимолий Америкадаги омбор жараёнларини автоматлаштириш орқали етказиб бериш занжирини рақамлаштиришни тезлаштиришни режалаштирмоқда.

«Биз Boston Dynamics билар хамкорликда ўз омборларимизга ўз турининг энг яхши роботларини жойлаштиришдан хурсандмиз. Stretch роботи мослашувчан автоматлаштириш орқали мураккаб саноат вазифаларини ҳал қилади, биз уни минтақавий ва дунё даражадасида амалга ошира оламиз ва кенгайтира оламиз», — дейди DHL Supply Chain North America IT-директори Салли Миллер.

Шунингдек, Gap ва H&M компаниялари ҳам ўз омборларини янги манипуляторлар билан жиҳозлаш режаларини эълон қилди.

Stretch роботи Boston Dynamics портфолиосидаги учинчи роботга айланди. Ундан аввал компания, 2020 йил ёзида сотувга чиқарилган автоматик маълумотларни йиғиш, юкларни ташиш, хавфли ҳудудларни текшириш ва бошқа вазифалар учун Spot робот ити, шунингдек, тадқиқот ва ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган Atlas икки оёқли платформасини ишлаб чиққан эди.