Ўзбекистонлик қиличбоз Зуҳриддин Қодиров 2−10 апрель кунлари Дубайда ўсмирлар ўртасида ўтказилган қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионатида сабля йўналишида олтин медални қўлга киритди. У мазкур спорт тури бўйича жаҳон чемпиони унвонига эга бўлган биринчи ўзбекистонлик бўлди, деб хабар берди МОҚ матбуот хизмати.

Кадетлар тоифасида финал йўлланмасини қўлга киритган Зуҳриддин Қодиров Канада, Миср, Венгрия, АҚШ вакилларини мағлуб этди. Ҳал қилувчи учрашувда ўзбекистонлик спортчи германиялик рақиби Колин Хеткокни 15:13 ҳисобида ортда қолдирди. (видео)

«Ғалаба туйғуси жуда ғалати, бугун ҳар бир ўйин жуда қийин бўлди. Бу натижага эришишимга ёрдам берган онам, дадам, синглим, укам ва юртимдаги барчага раҳмат айтмоқчиман», — деди Қодиров.

Жамоа етакчиси Зайнаб Дайибекова шамшир бўйича бронза медалини қўлга киритди. Ярим финалда у АҚШ вакили Магда Скарбонкевишга 15:8 ҳисобида имкониятни бой бериб, якунда турнир совриндорига айланди.

Фото


Фото: МОҚ ва Халқаро қиличбозлик федерацияси.