Ўзбекистонда карантин туфайли тайинланиши кечиккан пенсиялар тўлиқ қоплаб берилади, дея хабар бермоқда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати.

Қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар 2022 йил 9 февралда қабул қилинган [752-сонли] қонун билан киритилган.

«Фуқаролар карантин тугаганидан кейин бир ой ўтиб мурожаат қилган тақдирда ҳам фуқароларга пенсиялар карантин даврида пенсия ҳуқуқи пайдо бўлган вақтдан тайинланади ва бир йўла тўлаб берилиши белгиланди», — дейилади хабарда.

Келтирилишича, республикада 2020 йил 24 мартдан коронавирус пандемияси сабабли карантин эълон қилинган ва бугунги кунга қадар тўлиқ бекор қилинмаган.

Бунда фуқаронинг пенсия олиш ҳуқуқи 2020 йил 24 мартдан кейин пайдо бўлиб, пенсия тайинлаш учун 2022 йил март ойида мурожаат қилган бўлса ҳам унга пенсия ҳуқуқи пайдо бўлган санадан бошлаб тўлиқ тўлаб берилади.

Мисол учун — фуқаро (эркак) 2020 йил 1 май куни 60 ёшга тўлди. Бироқ, турли сабаблар туфайли пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасига ўз вақтида мурожаат қила олмади ҳамда 2022 йил январь ойида (яъни 20 ойдан кейин) пенсия тайинлаш учун мурожаат қилди. Бунда ушбу фуқарога 2020 йил 1 майдан пенсия тайинланиб, унга 2020 май — 2022 йил январь ойлари (20 ой) учун пенсияси бир йўла ҳамда келгусида ҳар ойлик пенсияси тўланади.