Uzbekistan Airways орадан икки йил ўтиб «Тошкент — Париж — Тошкент» йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни қайта тикламоқда, деб хабар берди компания матбуот хизмати.

Авиарейслар 29 апрелдан 10 июнга қадар ҳафтасига икки марта — сешанба ва жума кунлари амалга оширилади.

«Тошкент — Париж» йўналиши бўйича билет нархлари (юксиз) 4 038 862 сўмдан, (юк билан) 4 777 879 сўмдан, шунингдек, «Тошкент — Париж — Тошкент» йўналиши нархи эса (юксиз) 7 582 047 сўмдан ва (юк билан) 8 772 182 сўмдан бошланади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг март ойида Ўзбекистон коронавирусга чалинишнинг илк ҳолати қайд этилгани боис барча хорижий давлатлар билан авиа ва автойўл орқали қатновларни тўхтатганди. Ўтган йилнинг апрелида эса Uzbekistan Airways янги бизнес-модулга ўтиш ва харажатларни камайтириш мақсадида 9 та фойдасиз бўлган йўналишлар — Париж, Рим, Милан, Мумбай, Бангкок, Токио, Куала-Лумпур ва Жакартага авиақатновларни бекор қилганди.