Покистон бош вазири Имрон Хон мамлакат парламенти тарқатиб юборилгандан сўнг ҳукумат раҳбари лавозимидан четлаштирилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

«Покистон президенти мамлакат Конституциясининг 58-(1) моддаси ва 48-(1) моддасига мувофиқ, Миллий ассамблеяни тарқатиб юбориши ортидан… Имрон Аҳмад Хон Ниози Покистон бош вазири лавозимини эгаллаб туришни дарҳол тўхтатди», — дейилади Вазирлар Маҳкамасининг хабарномасида.

Шу билан бирга, Покистон президенти Ориф Алвийнинг маълум қилишича, вақтинча бош вазир тайинлангунга қадар Имрон Хон мазкур лавозимда қолади.

«Имрон Аҳмад Хон Ниози Покистон Ислом Республикаси Конституциясининг 224- А (4) моддасига мувофиқ, муваққат бош вазир тайинлангунига қадар бош вазир бўлиб қолади», — дея ёзди Покистон президенти Twitter`да.

Якшанба куни Покистон президенти бош вазир таклифи билан мамлакат парламентини тарқатиб юборган эди. РИА Новостининг ёзишича, бу, хойна-хой, парламент спикери ўринбосари Кассим Сури бош вазирга ишончсизлик вотумини Конституциянинг 5-моддасига зид деб атаб, уни рад этганидан кўп вақт ўтмасдан содир бўлди. Сабаби ишончсизлик овозини бекор қилиш тўғрисидаги қарор мухолифат партияларининг норозилигига сабаб бўлган ва улар ушбу қарор устидан судга шикоят қилишларини айтишган.

Ахборот ва телерадио узатишлар вазири Фаррух Ҳабибга кўра, Покистонда янги парламент сайловлари 90 кундан сўнг бўлиб ўтади.