2022 йилнинг март ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун нархлар ўсиши бўйича аҳолининг инфляцион кутилмалари 15 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг аҳоли тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари шарҳида маълум қилинди.

Маълумот учун, ушбу кўрсаткич февраль ойида 14 фоизга тенг бўлган.

Инфляцион кутилмалари юқори даражада шаклланаётганлигига қарамасдан, респондентларнинг кўпчилик қисми инфляцияни 9−12 фоиз атрофида бўлишини кутишаётганини билдиришган.

Аҳолининг инфляцион кутилмалари динамикаси, (фоизда)

Респондентлар келгуси даврда нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллар сифатида валюта курсининг ўзгариши (54 фоиз), импорт товарлари ҳамда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашиши (49 фоиз) ҳамда нархларнинг сунъий оширилишини (37 фоиз) таъкидлаган.

Тадбиркорлик субъектларнинг инфляцион кутилмалари

Март ойи якунлари бўйича тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари ҳам ошувчи динамикани кўрсатиб, 15,4 фоизгача кўтарилди.

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари динамикаси (фоизда)

Тадбиркорлар келгусида нархлар ошишига асосий омиллар сифатида валюта курсининг ўзгариши (51 фоиз), ёқилғи ва транспорт хизматларининг нархлари қимматлашиши (36 фоиз) ҳамда ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришлар натижасида хориждан импорт қилинадиган хомашё ва бутловчи қисмлар қимматлашиши (22 фоиз) каби омиллар саналган.

Шу билан бирга, сўровда қатнашган бизнес вакилларининг 17 фоизи келгусида иш ҳақи ва нафақаларнинг ошишини, 14 фоизи эса иқтисодиётда рақобат муҳити ёмонлашиши мумкинлиги таъкидлашган.

Марказий банк йил бошида 2022 йил учун инфляция даражаси 9 фоиздан камроқ, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши 6 фоиздан юқори бўлишини прогноз қилган эди.

18 март куни йил бошидан буён сўм курси АҚШ долларига нисбатан 6,8 фоизга қадрсизлангани ҳақида ёзган эдик. Шу сабабли Марказий банк асосий ставкани 3 фоиз бандга ошириб, йиллик 17 фоизгача кўтарди. Марказий банк раисининг айтишича, ушбу қарор миллий валюта курсини барқарорлаштиришга хизмат қилади. Ушбу қарор фонида долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 62,40 сўмга пасайиб, 11 509,59 сўмни ташкил қилганди. Ҳозирга кунга келиб эса долларнинг сўмга нисбатн курси нисбатан барқарорлашиб, 1 АҚШ доллари 11 408,50 сўмга тенг бўлди (МБнинг 5 апрелдан кучга кирувчи курсларига кўра).

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрь ойида келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари мос равишда 16,5 фоиз ва 15,6 фоизгача ошган эди. Бунда респондентлар ёқилғи нархларининг ошиши ва сўмнинг қадрсизланишини умумий нархлар даражасининг кутилаётган ўсишига таъсир этувчи асосий омил сифатида келтирганди.

2018 йилда Марказий банк инфляция рискларини дастлабки босқичда аниқлаш мақсадида нархларни мунтазам мониторинг қилиш амалиётини жорий қилди. Шу вақтдан бери регулятор жисмоний ва юридик шахслар ўртасида сўровлар ўтказиб келмоқда. Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш Марказий банкнинг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлаган эди.

Инфляцион кутилмалар — бу аҳоли ва тадбиркорларнинг келгусидаги инфляция даражаси тўғрисида тахминлари бўлиб, улар иқтисодий қарорлар қабул қилишда мазкур кутилмаларни ҳисобга оладилар. Ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар, сотувчилар ва харидорлар инфляция кутилмаларидан келиб чиқиб, ўзларининг келажакдаги молия-кредит ва нарх сиёсатини тузадилар, даромадлар, харажатлар ва кутилаётган фойда миқдорини баҳолайдилар.

Истеъмолчилар прогнозлари яқин келажакдаги реал инфляцияга таъсир кўрсатади, бу эса корхона ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга бўлган талаб ва нархлар шаклланишига таъсир қилади. Шундай қилиб, инфляцион кутилмалар — реал инфляция ўсишининг сабабларидан биридир. Шу нуқтаи назардан у мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ижтимоий кайфиятни шакллантирувчи муҳим кўрсаткичидир.