Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, кўп жиҳатдан сўз, матбуот эркинлиги мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнининг асосий ютуқларидан биридир.

«Биз бу интервьюни олти йил олдин қила олишимизга ишончим комил эмас. Агар қила олганимизда ҳам, сиз бошқа саволлар берар эдингиз, мен эса бошқача жавоблар берардим. Ва бу узоқ давом этмайди. Ва бу ҳамма нарса қандай ўзгарганига чинакам ишонарли мисолдир», — деди у.

Шунингдек, Тим Торлот жонли блогосферанинг пайдо бўлишини, чинакам мустақил оммавий ахборот воситалари, мустақил журналистлар, қизиқарли онлайн-медианинг (Газета.uz, Kun.uz, ахборот агентликлари ва бошқалар) пайдо бўлишини улкан ўзгариш деб атади.

«Буларнинг барчаси оптимизмни илҳомлантиради. Ва улар чинданам муҳим роль ўйнайди. Бутун ислоҳот жараёнида ОАВларнинг роли ҳақиқатни айтиш, мамлакатда бўлаётган барча яхши-ёмон воқеаларни ёритиш, ҳокимиятни жавобгарликка тортиш, балки ҳукуматнинг халқ билан муваффақиятли мулоқот қилишига ва ўзининг вазифалари ҳақида гапириб беришига ёрдам бериш, ҳукумат билан ҳақиқий мунозараларни рағбатлантиришдан иборат. Шундай қилиб, кўплаб яхши ишлар бўлмоқда», — деди у.

Элчи, шунингдек, сиёсий маҳбус сифатида қамалган журналистларнинг озод этилиши умид уйғотувчи қадам, деб ҳисоблайди.

«Аммо мамлакатда матбуот ва сўз эркинлиги тўлиқ мавжуд деб айтиб бўлмайди. Очиғини айтганда, бу сўнгги бир неча йил ичида кўпроқ орқага кетган соҳалардан биридир. Лекин ижобий нарсалар ҳали ҳали ҳам кўп, мана биз ушбу интервьюни қиляпмиз. Менимча, ҳамма гап ҳукуматда эмас. Масалан, эркин фикрлайдиган журналистларга ҳужум қиладиган жуда ёқимсиз блогосфера пайдо бўлди. Бу вазиятни яхшиламайди», — деди у.

Британия дипломатик миссияси раҳбари журналистлар ва блогерлар унчалик гапиришни хушламайдиган муаммолар ҳали ҳам борлигини айтди.

«Биз журналистларни таъқиб қилиш, жумладан, жисмоний зўравонлик ҳолатларини кўряпмиз. Блогерлар ҳар доим ҳам провакацион бўлавермайдилар, лекин ҳар доим блогосфера билан биргаликда сиёсий спектрнинг барча томонларидан кескин муносабатлар айтилган ҳолатлар ҳам пайдо бўлиб туради», — деди у.

Унинг фикрича, қонун чиқарувчилар «нафрат нутқи», нафрат қўзғатиш, кибербуллинг (тармоқдаги безорилик) билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиши керак, бироқ бу сўз эркинлигини чеклаб қўйиши шарт эмас.

«Барчамиз учун бу билан курашиш осон эмас. Хавфсизлик жиҳатидан, хусусан, зўравонлик экстремизми ва ОАВ эркинлиги ўртасидаги муносабатлар дунёнинг исталган мамлакатида фаол ва жуда қийин муҳокама мавзусидир», — деди Тим Торлот.

Элчи сўз эркинлигининг оптимал даражасини ҳам таърифлаб берди.

«Ўйлайманки, биз таъқиблардан қўрқмай, ўзимиз ҳақ деб ҳисоблаган нарсани айтишимиз, жамоат жойларида баҳслашиш, ўз нуқтаи назаримизни бошқалар олдида ҳимоя қилишимиз мумкин. Ва, бошқа томондан, рози бўлмаслик ҳуқуқига эга бўлишимиз. Қабул қилиб бўлмайдиган нарса бошланадиган чизиқ бор: зўравонликка чақирганингизда, айниқса, жамиятимизнинг ўзини ҳимоя қилишга қодир бўлмаган қатламларига нисбатан нафрат уйғотасиз, масалан, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатасиз», — дея тушунтирди у. .

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил апрель ойида Ўзбекистон «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида бир поғона пастлаб, 180 давлат орасида 157-ўринни эгаллаганди. Индексдаги пасайиш 2018 йилдан бери биринчи марта содир бўлди. Мамлакатдаги вазиятни «қийин» дея баҳолаш давом этмоқда.