Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган хориждан ўқишини тест-синовларисиз, тўловларсиз ва соддалаштирилган тартибда кўчириш тўғрисидаги ҳужжат сохталигини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда хориждан ўқишни кўчириш бўйича олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари К.Каримов имзоси туширилган хат ва ундаги маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмас, ёлғон», — дейилади вазирлик хабарида.

Сохта ҳужжат 30 март санаси билан вазирнинг биринчи ўринбосари К.Каримов томонидан имзоланган.

«Ўрта махсус таълим вазирлигида ишчи гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, гуруҳ зиммасига юклатилган иш хажмининг кўплиги, ҳужжатларни тўлиқ ўрганиб чиқишнинг вақт нуқтаи назаридан имкони бўлмаганлиги ва айни вақтда қўшни республикалар олий таълим муассасаларида дарс машғулотларининг бошланганлиги муносабати билан қўшни республикаларда таҳсил олаётган барча талабаларга ёзги кўчириш даврида тест-синовларсиз, тўловларсиз соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикасида ўқишга рухсат берилишини маълум қиламиз», — дейилади унда.

Вазирлик фуқаролардан ҳар хил сохта ахборотларга ишониб қолмасликни сўраб, ўқишни кўчиришга доир ҳар қандай хабарнинг ҳақиқийлигини аввало вазирликнинг телеграмдаги @eduuz расмий канали орқали текширишни тавсия қилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га аниқлиқ киритишича, Президентнинг [5157-сон] қарорига мувофиқ, талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда:

  • талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади. Бунда, касбий (ижодий) имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасаси томонидан, тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади;
  • тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари жорий йил 25 июлга қадар, кейинчалик ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади;
  • ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади;
  • талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди.