Адлия вазирлиги ўз тизимидаги раҳбар ва ходимларни штат қисқаришидан огоҳлантирди

Адлия вазирлиги ўз тизимидаги раҳбар ва ходимларни эҳтимолий ишдан бўшатилиш ҳақида огоҳлантирди. 207 нафар туман ва шаҳар адлия бўлими бошлиқлари, 207 нафар ДХМ директорлари билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин. «Мақбуллаштириш ва штат қисқариши асосан раҳбар лавозимлар ҳисобига тўғри келмоқда, тумандаги ва хизмат кўрсатувчи биронта штат қисқармади», — дейилади хабарда.

Карантин туфайли тайинланиши кечиккан пенсиялар тўлиқ қоплаб берилади

Пенсия жамғармаси маълум қилишича, фуқароларнинг пенсия олиш ҳуқуқи карантин даврида пайдо бўлса, бироқ ушбу муддатда пенсия тайинлаш учун мурожаат қила олмаса, унга пенсия ҳуқуқи пайдо бўлган санадан бошлаб тўлиқ пул тўлаб берилади.

Бухоро вилояти ҳокими ёдгорликлар нураётганига эътиборсиз масъулларни танқид қилди

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Нодир Девонбеги ва Кўкалдош мадрасаларини кўздан кечириб, уларнинг қаровсиз қолдирилгани ва нураб кетаётгани учун масъул раҳбарларни танқид қилди. Бухоро шаҳар ҳокими, вилоят ҳокимининг ўринбосари ва маданий мерос бошқармаси бошлиғига 10 апрелгача тарихий аҳамиятга молик барча обьектларни ободонлаштиришни буюрди.

«Қонунингни Тошкентга бориб талаб қиласан». Журналист Сурхондарёда «самосуд» қилинди

Термизда Kun.uz мухбири ва «Заковат» билимдони Аббос Салайдинов дорихона сотувчисидан QR-кодли чек талаб қилгани учун «самосуд» қилинди. Дорихона эгаси ва сотувчиси унга «қонунни Тошкентга бориб талаб қилишини» айтиб, жисмоний куч ишлатгани ва ҳақорат қилгани айтилмоқда. Дорихона эгаси, сотувчи, хаттоки журналистнинг ўзига нисбатан маъмурий иш қўзғатилди.

Болаларни 2 ёшдан боғчаларга қабул қилиш тартиби белгиланди

Мактабгача таълим вазирлиги маълум қилишича, 2 ёшдан боғчаларга қабул қилиш пуллик хизмат кўрсатиш шаклида амалга оширилади. Боғча раҳбари ва ота-она ўртасида шартнома тузилади, бола 3 ёшга тўлгач шартнома бекор қилинади. 2 ёшли болалар гуруҳи дам олиш кунларида ва иш куни тугагандан кейин ҳам ишлашига рухсат берилади.

Қўшни давлатлардан ўқишни тест-синовларисиз кўчириш тўғрисидаги хабарлар ёлғон — Олий таълим вазирлиги

Ижтимоий тармоқларда хориждан ўқишни тест-синовларисиз, тўловларсиз ва соддалаштирилган тартибда кўчириш мумкинлиги тўғрисидаги маълумот тарқалди. Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари имзоси туширилган хат ва ундаги маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги маълум қилинди.

Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳарорат 33 даражагача иссиқ бўлади

Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича ёз фасли каби қуруқ об-ҳаво кузатилади. Бу иқлимий меъёрдан +10 даражага юқори. 7 апрелда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.

«Орқага қайтиш бўлди, лекин ижобий нарсалар ҳали ҳам кўп». Буюк Британия элчиси Ўзбекистондаги сўз эркинлиги ҳақида

«Бу сўнгги бир неча йил ичида кўпроқ орқага кетган соҳалардан бири. Лекин ижобий нарсалар ҳали ҳам кўп», — деди Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчиси Тим Торлот Ўзбекистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни тасвирлар экан. Унинг сўзларига кўра, журналистлар ва блогерлар унчалик гапиришни хушламайдиган муаммолар ҳали ҳам мавжуд.

Зуҳриддин Қодиров қиличбозлик бўйича ўзбекистонлик биринчи жаҳон чемпиони бўлди

Зуҳриддин Қодиров БААда ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати финалида германиялик рақибини мағлуб этди. У Ўзбекистон қиличбозлари ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган илк спортчи бўлди. ЖЧда Зайнаб Дайибекова бронза медалини қўлга киритди.

Ўзбекистон Франция билан авиақатновларни қайта тикламоқда

Орадан икки йил ўтиб Uzbekistan Airways Тошкентдан Парижга бўлган мунтазам авиарейсларни қайта тикламоқда. 29 апрелдан 10 июнга қадар қатновлар ҳафтасига икки марта амалга оширилади.

Оксана Чусовитина Жаҳон кубогида 2 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритди

Спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогида Оксана Чусовитина 2 та олтин, 1 та кумуш медални қўлга киритиб, таяниб сакраш дастурида аёллар ўртасида мутлақ ғолиб бўлди.

Хоразмда 2 та ноқонуний майнинг ферма фаолияти аниқланди

Янгибозор туманида фуқаролар ўз хонадонида ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб, ноқонуний крипто-активлар майнинги фаолиятини юритиб келаётгани аниқланди. Натижада электр тармоқлари корхоналари манфаатига умумий ҳисобда 235,1 млн сўм зарар етган. Уларга нисбатан жиноят иши очилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

DJ Piligrim: Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?

Ўзбекистонда футболни севишади ва кўпчилик болалигидан севимли жамоасини танлаб, унга ишқибозлик қилади. Мусиқачи Илҳом Йўлчиев (DJ Piligrim) «Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?» лойиҳаси доирасида нега «Барселона» ишқибози эканлиги ва «Реал Мадрид» мухлислари орасида «Барса» кийимида ўтириш қандайлиги ҳақида гапириб берди.

«Бугун пул ишлаб топиш учун Ўзбекистондан кетиш шарт эмас» — Shell IT-архитектори Мадина Бердиева

Мадина Бердиева — дунёнинг энг йирик нефть-газ компанияларидан бири Shell`да тизимли архитектор сифатида фаолият юритади. «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида у Нидерландияга кўчиб ўтиш, ёш қизлар чет элга ўқишга кетиш учун ота-оналарини қандай кўндиришлари мумкинлиги ва нима учун бугунги кунда хорижий тилларни билиш кўникма ҳисобланмаслиги ҳақида сўзлади.