Ўзбекистон ҳалқаро арбитраж ва ҳакамлик судларини ривожлантириш жамоат фонди ҳузуридаги Тошкент шаҳар ҳакамлик суди судьяси пора олганликда гумонланмоқда. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланди.

Судья М.К. даъвогар Ф.Т. ва жавобгар М.Х. нинг иши бўйича масалани М.Х. нинг фойдасига ҳал қилиб бериш ҳамда ушбу қарорнинг келгусида бекор бўлмаслигини ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳал қилиб беришини айтган.

У жавобгар М.Х. дан 4000 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 2500 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.