Давлат хавфсизлик хизмати қалбаки банкноталар тайёрлаш билан шуғулланишда гумон қилинган уюшган гуруҳ иштирокчиларини қўлга олди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХ чирчиқлик фуқарони Бухорога бориб, 10 млн 100 минг сўм миқдоридаги қалбаки миллий валютани 600 АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олган.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг жиноий шериги, Гулистонда яшовчи шахс 600 долларни қабул қилиб олган вақтида ушланди ҳамда уйида 2,15 млн сўм миқдорида қалбаки банкнотлар борлиги аниқланди. Суриштирув давомида пуллар аслида Андижон шаҳрида тайёрланиши маълум бўлган.

Дастлаб Андижонда яшовчи шахс ўзининг Damas автомобилида 3,2 млн сўм миқдоридаги 64 дона 50 минг сўмлик қалбаки банкнотларни олиб кетаётганда ушланган.

Сўнгра бу пулларни тайёрловчи яна бир фуқаронинг уйидан пул тайёрлашда керак бўладиган буюмлар ҳамда 14,5 млн сўм миқдоридаги қалбаки пуллар топилган

Жиноий гуруҳ шу вақтгача жами 300 млн сўмдан ортиқ қалбаки пулларни Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида муомалага киритишга улгурган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 176-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.