Жума куни Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг биринчи чоракдаги фаолияти якунлари Ҳайъат мажлисида кўриб чиқилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмат хабар берди.

Таъкидланишича, айрим йирик солиқ тўловчилари учун жорий йилда солиқ ставкаларининг пасайишига (суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчилар учун аксиз солиғини бекор қилиш, айрим корхоналар учун ҚҚСни камайтириш ва бошқалар — таҳр.) қарамасдан, бюджет тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан умумбелгиланган иқтисодий кўрсаткич (ЯИМ)га нисбатан 17 фоизга ўсди.

Йирик солиқ тўловчилардан ташқари бошқа тадбиркорлик субъектларининг солиқ маъмурчилигига масъул ҳудудларда эса тушумларнинг ўртача ўсиши 37 фоизни ташкил этди.

Бундан ташқари, солиқ маъмурчилигининг индикатор солиқларидан ҚҚС 27 фоизга, ҳудудларда эса ўртача 60 фоизга ўсди.

Айланмадан олинадиган солиқ 1,3 бараварга ўсиб, ушбу солиқ туридан энг юқори ўсиш Фарғона (67%) ва Хоразмда (48%) қайд этилди.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев. Фото: ДСҚ матбуот хизмати.

«Бундай ўсишга иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши қаторида солиқ маъмурчилигини рақамлаштиришдаги дадил қадамлар ижобий таъсир кўрсатди», — дейилади ДСҚ баёнотида.

«Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда мавжуд муаммолар очиқ ва кескин равишда танқид қилинди», — дейилади хабарда.

Жумладан, солиқ маъмурчилигини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳисобига қўшимча даромадларни жалб этиш ва юклатилган вазифаларни бажаришда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси, Қашқадарё ва Тошкент вилояти ДСБ, Когон ҳамда Андижон шаҳар ДСИ раҳбарларига нисбатан навбатдаги интизомий жазо чоралари белгиланди.

Андижон, Олот, Зомин, Пахтакор, Фориш, Учқўрғон, Қўшработ, Ургут, Жарқўрғон, Термиз, Сирдарё, Гулистон туманлари ҳамда Янгиер шаҳар ДСИ бошлиқлари лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундиришга қаратишда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун Асака, Чироқчи, Мингбулоқ, Ургут, Мирзаобод, Сардоба, Бағдод, Қумқўрғон туманлари ҳамда Қувасой ва Жиззах шаҳар ДСИ бўлим бошлиқлари лавозимидан озод этилди.

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида «Soliq hamkor» тизими орқали тушган мурожаатлар билан ишлаш ҳамда ушбу йўналишда назорат тадбирларини амалга оширишдаги жиддий хато ва камчиликлари учун Нукус, Жиззах ва Андижон шаҳарлари, Ғиждувон, Чироқчи, Кармана, Поп, Ургут ҳамда Бекобод тумани ДСИ Сайёр солиқ текширувлари бўлим бошлиқлари ҳам лавозимидан озод этилди.

Ўз ўрнида, юқори натижаларга эришган Давлат солиқ бошқармалари ва 64 та солиқ инспекциялари жамоасини моддий рағбатлантиришга қарор қилинди.

Ҳайъат йиғилишида ДСҚ раиси ўринбосарларининг ҳисоботлари эшитилиб, шахсий масъулияти белгиланди.