«Бугун пул ишлаб топиш учун Ўзбекистондан кетиш шарт эмас» — Shell IT-архитектори Мадина Бердиева

Мадина Бердиева — дунёнинг энг йирик нефть-газ компанияларидан бири Shell`да тизимли архитектор сифатида фаолият юритади. «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида у Нидерландияга кўчиб ўтиш, ёш қизлар чет элга ўқишга кетиш учун ота-оналарини қандай кўндиришлари мумкинлиги ва нима учун бугунги кунда хорижий тилларни билиш кўникма ҳисобланмаслиги ҳақида сўзлади.

«Газета.uz» таҳририяти «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида хорижда таълим олаётган ёки хорижий олийгоҳни битириб, у ерда ишлаётган ўзбекистонликлар билан суҳбат уюштиради. Бунда уларнинг чет элдаги ҳаёти, нега хорижий таълим ёки иш фаолиятини танлаганлиги, уларнинг бошидан ўтган синовлар ҳақида сўз боради. Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони — Shell нефть-газ компанияси тизимли архитектори Мадина Бердиева.
Мадина Бердиева Қашқадарё вилоятида туғилган. У Қарши давлат Университетининг хорижий тиллар ҳамда бизнес-бошқарув факультетларини тамомлаган, шунингдек Бельгиянинг Антверпен менежмент мактабида IT-архитектори соҳасида магистр даражасини олган. 1999 йилдан бошлаб глобал нефть-газ компанияларида IT ечимларни жорий қилиш бўйича мутахассис сифатида, 2013 йилдан эса Shell компанияси IT-архитектори сифатида фаолият юритади.

— Хорижга кетгунингизга қадар бўлган давр ҳақида гапириб берсангиз.
— Мен 1977 йил Қарши шаҳрида туғилганман. Учта олий маълумотим бор. 1999 йилда Қарши давлат университетида ўқирдим ва хорижий тиллар факультетини битираётган эдим, немис филологиясини ўрганардим.

Инглиз тилини яхши билганим учун ABB нефть-газ компанияси мени Шўртандаги газ-кимё мажмуасига ишга олганди. Ўшанда дўстимни ҳам ўзим билан бирга чорладим, ва биз қурилиш объектидаги биринчи аёл-қалдирғочлар эдик. Мажмуа Қаршидан 75 км узоқликда жойлашган эди.
Икки йил давомида Шўртанга вахта автобусида кетиш учун ҳафтасига олти марта эрталаб соат
4:30 да уйғонардим.
Эрталаб 7 дан кечки 6 гача ишлардик. Ишимиз шунчалик қийин эди, лекин биз ёш, завққа тўла эдик ва бизга яхши ойлик тўлашларидан хурсанд эдик.

Шўртанда таъминот бўлимига тушдим ва мени бир тизимни жорий қилиш бўйича раҳбар этиб тайинлашди. Мен ҳеч нимани тушунмасдим, бироқ рози бўлдим ва эпладим. 2 йилда ушбу тизимни муваффақиятли равишда жорий қилдим ва, ўзим билмаган ҳолда, ушбу жараённинг мутахассисига айландим.
— Чет элга қандай кетгансиз?
— 2001 йилда компания менга Нидерландияда ишлаш учун бир йиллик шартнома таклиф қилди. 23 ёшда эдим, ҳали турмуш қурмаган қиз эдим – табиийки, ота-онам мени қўйиб юборишни хоҳлашмасди. «Турмушга чиқмаган қизни қандай қилиб хорижга юбориш мумкин?» Лекин, мен уларга мазкур заводда ишловчи 3000 дан ортиқ одам ичидан ягона танланган инсон эканлигимни, бундай имконият бошқа бўлмаслигини тушунтирганман. Ота-онамга хорижда яшаш қандайлигини кўрмоқчилигимни айтганман.

Шундан сўнг ABB компаниясининг бош офиси жойлашган Гаагага етиб бордим – у ерда менинг карьерам бошланди. Иш билан бир вақтда сиртқи бўлимда таҳсил олардим ва икки давлат орасида яшардим. Ким бўлишни хоҳлашим бўйича аниқ бир режам йўқ эди. Шунчаки барча вазиятларга имконият сифатида қарардим ва шунга мос равишда қарор қабул қилардим.

Ҳаётим, тақдирим ва карьерам шунақа бўлади, Ўзбекистондан чиқиб кетаман деб ўйламагандим. Ватанимни жуда ҳам севаман. ABB билан ишлашдан олдин, университетда учинчи курсдалигимда Ўзбекистондаги бирор банк ёки Миллий хавфсизлик хизматига ишга киришни режалаштирардим.

Нидерландияда бир йил ишлаганимдан кейин Бирлашган Араб Амирликларида иш таклиф қилишди. Компания Абу-Дабида оффшор нефть платформасини қурди, мени эса ушбу лойиҳа ва таъминотни бошқариш учун жўнатишди.

Амирликларда турмуш ўртоғимни учратдим. Ўша пайтда у доимий равишда Ўзбекистонда истиқомат қиларди. Мен Абу-Дабида ишлашни давом эттиришимга қарор қилдик. Лекин мен ҳомиладор бўлиб қолдим, фарзандимни Амирликларда туғишга қарор қилдик ва ундан кейин Ўзбекистонга қайтишни режалаштирдик. Чунки БААнинг ўз қонунлари бор: аёл кишида ўз турмуш ўртоғига виза қилиш ҳуқуқи йўқ.

2005 йилда Ўзбекистонга қайтиб келдим. Ўзбекистонликка турмушга чиққаним, оилам борлиги учун энди чет элдаги карьерам якунланди, деб ўйлагандим. Бу ерда 10 ой яшадим ва бу вақт оралиғида Қарши давлат университетидаги ўқишимни якунладим.
Мадина Бердиева фарзандлари билан, Нидерландия
ABB компанияси мени Қаршидан излаб топиб, Бошқирдистонда ишлаш учун янги шартнома таклиф қилишди. Улар газалмаштиргичларни янгилашаётган эди ва «Салаватнефтеоргсинтез»га таъминотлар бўйича консультант бўлишимни сўрашди. Менинг тажрибам, рус тили ва бизнесни билишим уларга жуда ҳам керак эди. Бу лойиҳага 2006 йилда жўнаб кетдим.

Ишим натижасида ABB менга янги шартнома таклиф қилди — Нидерландияга қайтишимни сўрашди. Бу сафарги иш ахборот технологиялари билан боғлиқ эди. Мен бу соҳада ҳеч қачон ишламаган эдим, лекин улар: «Битта қизиқарли позиция бор, биз сени ўша ерда синаб кўрмоқчимиз. Агар маъқул келса, балки, келгусида ўша ерда ишларсан», деб айтишди.

Шартнома олти ойга мўлжалланган эди. Мен турмуш ўртоғим ва фарзандим билан бирга қайтишим кераклигини тушунтирдим. Муаммо бўлмади ва мен Гаага шаҳрига Product Owner сифатида ишлаш учун қайтдим — компаниядаги тизимлардан бирининг раҳбари бўлдим.
Ахборот технологияларида ишлаш менга жуда маъқул келди. Техник йўналишни севиб қолдим ва қалбим амри билан ушбу соҳада қолдим.
Турмуш ўртоғим билан Гаагада яшашга қарор қилдик. Бу оғир қарор эди, чунки ватандан узоқда осон бўлмайди. Лекин бу ерда бизга барча нарса ёқарди, фарзандларим шу ерда таълим олишини хоҳлардим — бу Нидерландияда қолиш учун энг муҳим омил эди.
— Карьерангиз қандай ривожланди?
— Менга доимий шартнома таклиф қилишди, бизнес-таҳлилчи сифатида ишлашни бошладим. Ахборот технологияларида ишлаш менга ёқиб тушди, лекин мен бу соҳада таълим олмагандим. Бунинг ўрнини қоплаш учун ахборот технологиялари архитектураси йўналишида магистратурада ўқишга қарор қилдим.

Ўқиш давомида менга Shell компанияси қизиқиш билдирди ва суҳбатга чақирди. У ерга ишга кириш осон эмас, 5−6 суҳбат босқичларидан ўтиш керак. Бунга 6 ойчалар вақт кетиши мумкин.
реклама
реклама
2013 йилда мени компанияга ишга қабул қилишди. Олдинги иш жойимда ҳам ҳаммаси яхши эди, лекин Shell компаниясига архитектор бўлиш ниятида келдим. Бу вақтда магистратурада ўқиётгандим, қолаверса, қизим ҳам туғилган эди, у 2 ёшда, ўғлим эса 7 ёшда эди. Ҳафтасига 40 соат ишлардим ва ўқишимни давом эттирардим.

Ҳозирда мен Shell компаниясида иккита йирик сегмент бўйича асосий архитекторман. Лекин 2013 йилнинг ўзидаёқ бош архитектор бўлишни мақсад қилганман. Бу техник йўналиш ва ушбу йўналишда аёллар жуда ҳам кам, бармоқ билан санарли даражада. Бизнинг сонимиз кўпайишини хоҳлардим. Агар мен техник йўналишда етакчига айлансам, менинг ортимдан кўплаб аёллар эргашади.
— Мақсадингиз сари қандай интиласиз?
— Shell ўз ходимларини бир жойда тўхтаб қолмасликка, ривожланишга ундайди. Бу менга жуда ҳам керак нарса.

Компанияга келганимда ҳамкасбларим етакчилик салоҳиятим юқорилигини тушунишди. Менга катта лойиҳаларни топширишарди ва мен уларни муваффақиятли бажарардим. Улар буни тушунишди. Мен эса ривожланишда давом этардим.

Shell компаниясига архитектор эмас, таҳлилчи сифатида келганман. Яхши архитектор бўлиш учун ташкилот тузилмаси қандайлигини, у қандай ишлашини: бизнес-транзакциялар қаердалигини, бизнеснинг қайси тармоқлари бир-бири билан ўзаро боғлиқлигини тушуниш керак. Таҳлилчи сифатидаги иш фаолиятимни бу нарсаларни ўрганиш деб қабул қилардим. Айнан ўша пайтда архитектор эмаслигимдан тушкунликка тушмасдим. Бу имкониятни келажакда ўрганиш учун ишлатаман — архитектор бўлсам, бу менга жуда ҳам ёрдам беради, деб ўйладим. Шундай қилдим ҳам.

Shell компаниясида нефтни қазиб олиш ва уни қайта ишлаш тармоқлари бор. Компаниянинг қайта ишлаш бўйича йирик тармоғида уч йил давомида ишладим, у қандай ишлашини ўргандим, Нидерландиядаги иккита йирик объектнинг менежери сифатида ҳам фаолият юритдим. Кейин эса менда қазиб олиш бўлимига ўтиш имконияти пайдо бўлди.

Ташкилот қандай ишлашини тушунишим учун бизнеснинг иккита тармоғини ўрганишим керак эди. Қазиб олиш тармоғида ҳам уч йил давомида ишладим, ўзимга керакли хулосаларни чиқардим, ва шундан кейингина менда IT-архитектор бўлиш имконияти пайдо бўлди.
— Ҳозир кун тартибингиз нимадан иборат ва ишда айнан нима билан шуғулланасиз?
— Пандемия сабабли уйда, онлайн ишлаяпмиз. Еттита архитектордан иборат жамоани бошқараман. Улар компания учун ахборот технологиялари йўл харитасини лойиҳалаштиради ва тузиб чиқади. Жамоанинг деярли барча аъзолари Америкада туриб ишлайди.

Мен таъминотчилар, айнан ушбу йўл харитасини ишлаб чиқувчи бизнес билан ишлайман, менинг жамоам эса турли хил лойиҳалар учун ечимлар тақдим этади. Ўзимни стратег дейишим мумкин – бизнесга узоқ муддатли мақсадларни аниқлашда ёрдам бераман.
— Сиз ишлаган давлатлар ўртасида қандай фарқларни кўргансиз?
— Иш услубларида жуда катта фарқ бор. Россиядаги иш жойим Европа стандартларидан ортда қолганлиги ҳис қилинарди, айниқса хавфсизлик қоидалари бўйича. Мен қурилиш объектида ишлардим, кўплаб талабларга риоя қилинмас эди. Бу эса мени жуда қўрқитарди. Мен ўрганиб қолган оддий қоидаларга одамлар умуман риоя қилмаган хавфли вазиятлар бўлган.

Араб амирликларида эса мен жамоамда ягона аёл киши бўлганлигим боис гендер масалалари билан боғлиқ муаммоларга кўп дуч келардим. Бўлим бошлиғи сифатида эркак-ҳамкасбларимга қандайдир вазифа қўйсам, улар бошланишида менга қулоқ солишмасди.
Улар «Бу аёл бу ерда ўзи нима қиляпти? У уйида, болалари билан бўлиши керак. У ўзи нима учун ишлаяпти?» деб ўйлашарди.
Бу ҳақда раҳбариятга хабар беришимга тўғри келган. Кейин муаммолар тезда бартараф этилди.

Балки ҳозир дунёнинг барча қисмларида шундайдир, лекин Европада мутахассисларга катта талаблар қўйилади — биринчи навбатда, интеллект жиҳатидан. Доимий равишда ўрганиш ва ривожланиш керак, акс ҳолда меҳнат бозорида қадрли кадр бўлиш қийин бўлади. Сиз ўз қадрингизни ўзингиз оширишингиз, бир жойда тўхтаб қолмаслигингиз керак. Махсус кўникмаларингиз қанчалик кўп бўлса, бозорда сизни шунча қадрлашади.

«9 дан 5 гача ишлаб қўйиш» ҳозир фойда бермайди. Ҳар икки-уч ойда шахсий ривожланиш, ўз малакангизни ошириш учун тренинглар ўтиш кераклиги айтилади. Ишдан ташқари вақтда доимий равишда жуда кўп нарсаларни ўрганиш керак.

— Энг кўп ойликни қаерда беришган?
— Shell компаниясида маошлар жуда ҳам яхши. Мен ўз карьерамни бизнес-таҳлилдан бошлаганман ва ҳозир катта менежер даражасигача кўтарилганман. Бугунги кундаги мақсадим — вице-президент даражасигача етиб бориш.
— Ўзбекистонда Shell қандай бўларди?
— Shell Ўзбекистонда бемалол фаолият юрита оларди, чунки компаниянинг Қозоғистонда 20 йилдан бери ишлайдиган йирик бизнеси бор. Компаниямиз Ўзбекистонда ўз бизнесини бошласа, мен хурсанд бўлардим, бунга жон деб ёрдам ҳам берган бўлардим – Shell компаниясининг қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича ажойиб технологиялари бор. Компанияда ўзбекистонлик ягона мен бўлсам керак. Лекин қозоғистонлик ҳамкасбларимиз жуда кўп.
— Голландиядаги Ўзбекистон вакиллари ҳақида нима дея оласиз?
— Голландияда ўзбекистонликлар сони озгина ортди. Ўзбекистоннинг мамлакатдаги консули билан яхши алоқадаман, у билан доим мулоқотда бўлиб турамиз. Нидерландия, Бельгия ва Люксембургда ўзбек диаспорасини ташкил қилиш ҳақида бош қотиряпмиз.

Лекин биз барчамиз аҳил-иноқмиз деб айтолмайман. Европада ҳалигача ўзбеклар ўртасида аҳиллик йўқ, чунки улар ҳамма жойда, лекин ўз-ўзи билан овора.
— Сиз бизнес-коуч сифатида ҳам фаолият юритасиз. Ишингизнинг бу томони ҳақида ҳам айтиб берсангиз.
— Мен ўзимни стратегик коуч деб атайман, чунки мен стратегия бўйича экспертман, доимо одамларга ёрдам беришни хоҳлаганман. Лекин етти йил олдин ҳаётимда битта дилемма пайдо бўлди ва кимдир бир китобни тавсия қилди. Мен уни ўқиб чиқдим ва ўзимда коучни кашф қилишга қарор қилдим. Бу соҳада ким энг зўри эканлиги бўйича тадқиқот ўтказдим.

Шундай қилиб Тони Роббинс тизимини ўрганишни бошладим. 2016 йилда Лондонга унинг «Ўзингдаги кучни кашф қил» семинарига бордим. Бу жуда ҳам ҳайратланарли эди! Ушбу тадбирда 10 ёки 12 минг киши бор эди, биз эрталаб 7 дан бошлаб тунги 2 гача шуғулланардик — у бизга тренинг ўтарди. Охирида унинг раҳбарлиги остида мен яланғоч оёқларим билан ёнаётган кўмир устидан ўтдим — ва менга ҳеч нарса қилмади! Ўшанда ўзимга айтдим: «Буни амаллаган бўлсам, ҳали яна кўп нарса қўлимдан келади».
реклама
реклама
Мен бу соҳага шўнғиб кетдим ва Тони Роббинснинг коучлар мактабида ўқишни бошладим. Ҳозир аёлларга тренинг ўтаман. Қизларимизга ёрдам беришни хоҳлайман. Ташкилотларда раҳбарлик лавозимларидаги аёллар сони, маошлардаги фарқларда тенгсизликни кўраман. Шунинг учун ҳам менинг миссиям — аёлларга ёрдам бериш.

Стратег, бизнес-коуч сифатида мен ўз бизнесини бошлаётган, кейиги босқичга ўтишга қийналаётган аёл-тадбиркорларга ёрдам бераман. Бу мен учун хобби.
— Сизга кўпроқ қандай муаммолар билан мурожаат қилишади?
— Мен ихтисослашган муаммо – натижаларга эришиш ва олдинга интилиш, ўз мақсадларига муваффақиятли ва самарали равишда эришиш, ва бунда эркак кишига айланиб қолмаслик. Яъни, аёл киши бўла туриб, тинчланган ҳолатда, жараёндан завқ олиб ва яхши кайфиятда натижаларга эришиш.

Мен муваффақиятли аёллар учун вақтни бошқариш бўйича курс ўтаман. Фикримча, тайм-менежмент — аёлларнинг муваффақиятли бўлиши учун энг муҳим омиллардан бири. Ўз вақтингиз ва ҳаётингизни бошқара олсангиз, ажойиб натижаларга эришасиз. Даромадингиз ҳам ошади.
— Хорижга кетмоқчи бўлган қизларга қандай маслаҳатлар берар эдингиз?
— Ота-онамни қандай кўндирганим ҳақида батафсил айтиб бераман. Университетда аълочи эдим, олийгоҳим мени Тошкентга «Умид» грантлари танловида қатнашиш учун юборди. 1996-1997-йилларда президент Каримовнинг шундай кампанияси бўларди – у талабаларни чет элга ўқишга юборарди.

Уч ой Тошкентда яшадим, «Умид» танловида қатнашдим, IELTS топширдим. Танловдан ўтдим — Англияда журналистика факультетида ўқишим мумкин эди. Лекин ота-онам менинг кетишимга қарши бўлишди, «Керак эмас, шу ерда ўқишингни давом эттир» дейишди. Ўшанда ўзимга айтганман: «Балки бу сафар эмасдир, лекин хорижга албатта кетаман». Орзуим амалга ошди.
Қандай маслаҳат беришим мумкин. Чет элга кетиш учун иккинчи маротаба имконият пайдо бўлганида, ота-онамга бундай имкониятлар ҳаётда кўп ҳам бўлавермаслигини тушунтирдим.
Бунақа имкониятдан ўзим ва ота-онам фойдаси учун фойдаланишим керак эди, чунки менда ҳаммаси яхши бўлса, уларда ҳам албатта яхши бўлади. Чет элда ўқиш — сиз учун фақат манфаатли бўлишини тушунтириш керак.
— Голландияга қандай кетиш мумкин?
— 2000 йилда Голландияга жўнаш учун 10 ой кутишимга тўғри келган — ушбу вақт давомида мамлакатга кириш учун рухсатномани тайёрлашган. Европа Иттифоқига (ЕИ) ишлаш учун кетиш осон эмас. ЕИ ташқарисидан кимнидир чақириш учун мутахассиснинг маълум бир давлат, ЕИдаги бирор бир фуқаро эга бўлмаган уникал билимлари бўлиши керак. 2000 йилда ҳолат шундай эди.

Кейин ҳаммаси ўзгариб кетди. 2006 йилда Нидерландияга қайтаётганимда барча ҳужжатларни тайёрлашимиз учун уч ой вақт кетди, чунки мени «Билимлар мигрантлари» махсус дастури асосида таклиф қилишган эди. Маълум бир билимга эга барча 30 фоизлик солиқ чегирмалари билан таъминланади. Яъни, мен керакли категорияга кирсам, 8 ёки 10 йил давомида солиқларнинг фақат 70 фоизини тўлайман.

Бу дастур мамлакатда ҳозир ҳам амал қилади. Билимга эга хорижий ишчиларни таклиф қилишади, ҳамманинг камида магистратура даражаси бўлиши керак.

Бундан ташқари, Ўзбекистондан Голландияга кўплаб талабалар ўқиш учун келишади. Ўқишга келган хорижликлар сифатида улар маҳаллий компанияларда амалиёт ўташлари мумкин. Агар улар компанияларга ёқиб тушса, иш берувчи шартнома таклиф қилади. Бошида бир йилга, кейинчалик доимий асосда бўлиши мумкин. Шундай қилиб, бу ерда яшаб қолиш мумкин.

Кейин эса фуқаролик масаласи пайдо бўлади. Барча ўзбекистонликлар ҳам ЕИ фуқаролигини олишни хоҳлашмайди, чунки Ўзбекистонда икки фуқароликка рухсат берилмаган. Шунинг учун, улар бу ерда Нидерландияда доимий яшовчи хорижлик сифатида истиқомат қилишади.

Демак, Голландияга келишнинг иккита йўли мавужуд: «Билимлар мигрантлари» дастури орқали ва маҳаллий олийгоҳда ўқиш учун. Хориж фуқароси билан турмуш қурса ҳам бўлади.
— Тил ўрганиш учун нима қилиш керак ва яна қандай кўникмаларни ривожлантириш лозим?
— Инглиз тилимни университетда ривожлантирганман. Тилни ўрганиш, ўрганиш ва яна бир маротаба ўрганиш керак. Лекин ҳозир тил билиш бу — нафас олиш каби нарса. Тил билиш ва олий маълумотли бўлиш — ҳозир чет элда яшашингизни кафолатламайди. Бунга қўшимча равишда, сизда бугунги кунда дунёда талаб қилинаётган махсус билимлар ва кўникмалар бўлиши керак. Бу ахборот технологиялари кўникмалари. Улар келажак кўникмалари эканлигига ишонаман.
Лекин бугунги кунда агар сиз зўр IT-мутахассис бўлсангиз, Python`да дастурлашни ўргансангиз ёки турли хил технологиялар бўйича, масалан Amazon ёки Azur`дан cloud computing (булутли ҳисоблашлар – таҳр.) бўйича сертификатларингиз бўлса, кўп пул ишлаб топиш учун чет элга кетиш шарт эмас. Агар хоҳласангиз, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам муваффақиятга эришишингиз мумкин. Энг асосийси — тилни билиш. Бу шундоқ ҳам бўлиши керак, бу ҳақида ўйланиш ҳам керак эмас.

Барча ахборот технологиялари, дунёда нима бўлаётганлиги, қандай трендлар юзага келаётганлиги ҳақида хабардор бўлинг. Ушбу соҳада кучли бўлинг, чунки бу сизни хоҳлаган жойингизга олиб келиши мумкин.

Тўғри, университетларда ўқиш, албатта, муҳим. Лекин бу сизни бошқалардан ажратиб турадиган омил бўла олмайди.

Ҳозир ҳаммада тил, бакалавриат, ҳаттоки магистратура бор. Сиз эса жуда долзарб билимларни излашни ўрганишингиз керак. Фақат битта нарса билан шуғулланинг, лекин уни жуда аъло даражада бажаринг.
— Қачондир Ўзбекистонга қайтиш хоҳишингиз бўлганми?
— 2001 йилда Нидерландияга келишим биланоқ Ўзбекистонга қайтишни хоҳлаганман. Уч ой хафа бўлиб юрганман, ҳар куни онамга телефон қилардим. Июнь ойида 40 даража иссиқ бўлган Ўзбекистондан кетганман. Нидерландияга келсам – қиш, ёмғир, совуқ. Иссиқ кийимларим ҳам йўқ эди, чунки бу ерда бунчалик совуқ бўлишини билмасдим.

Интернет у вақтлар унчалик ривожланмаган эди, уяли телефонлар йўқ эди, ҳаммаси қийин кечарди. Бу мамлакат менга меҳмондўст эмасдек кўринарди, ҳеч ким бир-бири билан гаплашмасди, бу ерда якка ўзим, ёлғиз эдим. Ўшанда Ўзбекистонни, оиламни жуда соғинганман. Уйга қайтишни ҳам хоҳлаганман, ўзимча ўйлардим: «Ўзи бу ерга нима учун келдим? Иш бўлса, нима қилибди? Ўзбекистонда ҳам иш топа оламан-ку, оилам ёнимда бўларди».

Хорижга кетаман деб умуман ўйламаганман. Ўшанда почтани текшириш учун интернет-кафеларга борардик. 20 йил ичида технологиялар шунчалик ривожланиб кетди-ки, ҳеч қаерга кетиш керакмасдек туюлади. Ўзбекистонда бемалол яшаб, ўз йўлингизни топишингиз мумкин. Агар ҳозир сиз зўр мутахассис бўлсангиз, қаергадир кетишнинг ҳожати йўқ. Ўз юртингизда онлайн ишлашингиз ва кўп миқдорда пул ишлаб топишингиз мумкин.
— Ўзбекистон қанчалик ўзгарди?
— Ўзбекистонга ҳар сафар келганимда, ҳайратланаман, ўзгаришлар мени қувонтиради – мамлакат шаҳдам қадамлар билан олға боряпти. Масалан, банк тизимидаги ўзгаришлар.

Шунингдек, Ўзбекистондаги одамларнинг фикрлашидаги ўзгаришлар ҳам мени қувонтиради. Улар замонавий руҳда фикрлашни бошлаган — улар европаликлардан ҳам илгарилаб кетган деб айтардим. Чунки Ўзбекистонга Жанубий Корея, Япония, Осиёнинг кучли таъсири бор — улар Европа ва АҚШдан кўра жадалроқ ривожланмоқда. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг салоҳияти юқори ва одамлар ўқишни, ривожланишни хоҳлашлари ҳамда улар учун Ўзбекистонда имкониятлар пайдо бўлаётгани мени қувонтиради.

Ҳозир мамлакатда бир нечта хорижий университетлар очилган, абитуриентлар турли хил олийгоҳларда таҳсил олишлари мумкин. Менда бундай имконият бўлмаган, биз фақатгина битта университетга ҳужжат топширишимиз мумкин эди.

Бу ҳам жуда катта олдинга силжиш, ҳамма нарса мени қувонтиради. Ҳар сафар Ўзбекистонга келганимда, ижобий ўзгаришлардан кўпроқ ҳайратланиб кетаман. Айниқса, охирги беш йилда.
— Хорижда яшаган вақт давомида сизда қандай ўзгаришлар бўлди?
— Турли хил давлатларда яшаганингизда ва ишлаганингизда, сизда маълум бир характер ривожланади. Шахсиятингиз ўзгаришни бошлайди, чунки турли давлатларда яшаш ва ишлаш осон эмас. Менинг ҳолатимда эса, мен Ўзбекистондан бир умрга чиқиб кетганман. Голландия иккинчи ватанимга айланди.

Қалбан Ўзбекистондаман, ўзим эса Европада яшайман. Лекин бунинг ўзига хос афзаллиги ҳам бор, чунки сиз дунёга кузатувчи сифатида қарашни бошлайсиз. Сиз дунёнинг глобал фуқаросига айланасиз, бу одамнинг дунёқарашини ўзгартиради.
Блиц
— Эрта туришга қийналасизми?

— Йўқ, қийналмайман.

— Нимадан афсусланасиз?

— Ҳеч нимадан афсусланмайман.

— Хорижда сизни нима тушкунликка тушириб қўйган?

— Деярли ҳеч нарса. Лекин, мен бу ерда оиламни соғинаман.

— 10 йил ортга қайтиш имконияти бўлса, қайси хатоингизни такрорламаган бўлардингиз?

— Ҳеч нимани ўзгартирмасдим. Сабаби, ҳаммаси қандай бўлиши керак бўлса, шундай бўлган.

— 5 йилдан сўнг Мадина Бердиева ўзини қаерда кўради?

— Ўзимни менежер ва кўплаб қизларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартирадиган аёл сифатида кўряпман. Instagram саҳифамда бир йил давом этадиган марафон бошланди. Сторислар, тўғридан-тўғри эфирлар ва постларим орқали аёлларга билим улашмоқчиман. Аёллар уларни шунчаки ўқиши ва вазифаларни бажариши мумкин, изоҳ олиш учун менга ёзишса ҳам бўлади. Барчаси рус тилида бўлади.

— Агарда тилла балиқ тутиб олсангиз, ундан Ўзбекистон учун нима сўраган бўлар эдингиз?

— Ўзбекистон ёшларининг яхши таълим олишларини сўраган бўлардим. Мен учун энг муҳими шу.

— Ўз мақсадларингизнинг қанча қисмига эришдим, деб ўйлайсиз?

— Ўйлашимча, 80 фоизига.
Матнни Муштарий Оқбоева тайёрлади.
Фотосуратлар Мадина Бердиеванинг шахсий архивидан.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. www.gazeta.uz сайтида эълон қилинган, «Газета.uz» ёки учинчи томонга тегишли график ва бошқа материаллардан ҳар қандай мақсадда фойдаланиш таъқиқланади.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг