Самарқанд давлат тиббиёт институти негизида Самарқанд давлат тиббиёт университети ташкил этилди. Тегишли қарор президент томонидан 1 апрель куни имзоланди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб узлуксиз тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш белгиланди.

Муассаса амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтиради, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-методик материалларни кенг жорий этади.

Шунингдек, университет хорижий тиббиёт ОТМлар билан ҳамкорликда талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини жорий қилади.

Қолаверса, университет моддий-техника базасини модернизация қилиб, симуляцион марказ, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораториялари ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Самарқанд вилояти ҳамда қўшни ҳудудлар соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжларини ва муаммоларини мунтазам ўрганиб, уларни ваколати доирасида бартараф этиш мақсадида соғлиқни сақлаш тизими ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида узвий ҳамкорликда ишлайди.

Университет таркибида қуйидагилар ташкил этилади:

  • Самарқанд тумани Ўрташиқ қишлоғида жойлашган Самарқанд вилояти саломатликни тиклаш шифохонаси негизида университет ҳузуридаги Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти;
  • Университетнинг биринчи ва иккинчи клиникалари негизида Самарқанд давлат тиббиёт университети кўп тармоқли клиникаси ва ихтисослашган болалар хирургик клиникаси;
  • Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази;
  • Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази.

Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Л.М.Исаев номидаги филиали ва унинг клиникаси университет таркибига ўтказилди.

ОТМ фаолияти ва унинг клиникалари давлат бюджети, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар билан молиялаштирилади.

Университет тиббиёт институтининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Унда ўқиётган талабалар ўз мутахассисликларида ўқишини давом эттиради ҳамда битирувчиларга университет дипломи берилади.

Университетда бакалавриатнинг битирувчи босқич талабалари учун соғлиқни сақлаш тизими бирламчи бўғин муассасалари (кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари) ҳамда клиник базаларда 6 ойлик малакавий амалиёт кўринишидаги субординатура жорий этилади.

Шунингдек, университет ўз таркибидаги муассасаларнинг муассиси бўлади ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради. Таркибий тузилмалар давлат муассасалари бўлиб, шахсий ғазна ҳисобварақларига эга. Уларга раҳбарларни университет Кенгашининг тақдимномасига кўра, соғлиқни сақлаш вазири (Беҳзод Мусаев) тайинлайди.

Қолаверса, Самарқанд вилояти Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари университетга бириктирилади.

Бунда, университет:

  • техникумлар ва коллежлардаги таълим ва амалиёт сифати учун бевосита масъул бўлиб, уларда зарур моддий-техника, ўқув-методик базани яратади ва ўқув жараёнига тажрибали мутахассисларни жалб этиб боради;
  • техникумлар ва коллежларда фаолият юритувчи ўқитувчиларга илмий-методик жиҳатдан кўмаклашади;
  • клиникалари техникумлар ва коллежлар учун клиник база бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, кафедралари ўз йўналишида техникумлар ва коллежларга замонавий ўқитиш методикаси ва технологияларини ўргатади, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг билимини баҳолаб боради.