31 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди идора матбуот хизмати.

Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Рамазон ойини юқори савияда ўтказиш учун амалга оширилган ишлар ва улуғ ойда бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.


Муфтий Нуриддин Холиқназаров. Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси.

Хусусан, мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун масжидларда қулай шарт-шароитлар ташкил этиш, хатми Қуръонларни пухта тайёргарлик билан ўтказиш, ифторлик ўтказишда исрофга йўл қўймаслик, муборак ой фазилатлари ҳақида имом-хатиблар томонидан мунтазам ОАВда тарғибот ишлари олиб бориш таъкидланиб, қут-барака ойини юқори савияда ўтказиш борасида бир қатор тавсиялар берди.

Муфтий Рамазон ойининг илк оқшомида 2083 та масжидида таровеҳ намозлари бошланиши, ой давомида 1520 дан ортиқ жомеда хатми Қуръонлар амалга оширилишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ойидаги хатми Қуръоннинг кунлик тақсимоти жадвалини эълон қилган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда Рамазон ойи 2 апрелдан бошланиши расмай эълон қилинди. Таровеҳ намозлари ва хатми Қуръон эса бугун, 1 апрелдан бошланади. Рамазон ойи тақвими, саҳарлик ва ифторлик вақтларини қуйидаги ҳавола орқали билиб бориш мумкин.