10 апрелдан бошлаб маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни ўтказилган йиғилишида маълум қилди.

Унда муҳим Спортни ривожлантириш вазирлигининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланган болалар ва ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш йўналишидаги режалар тақдимот қилинди.

Шунга мувофиқ, вазирликка маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан бирга йил давомида 6 миллион нафар ўғил-қизларни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш вазифаси қўйилди.

«Бунинг учун 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни ташкил этиш учун „Ёшлар дафтари“ жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади», — дейилади хабарда.


Қолаверса, маҳаллаларда спорт инфратузилмасини яхшилаш, лойиҳалар қийматини мақбуллаштириб, майдончалар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Оммавий спорт тадбирларида ёшларнинг иштироки бўйича маҳаллалар рейтингини ишлаб чиқиш, «қониқарсиз» деб топилган жойларга таниқли мураббий ва спортчиларни бириктириб, спортни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Уларга Олимпия ва паралимпия ўйинлари, халқаро мусобақалар ғолиблари мотивацион учрашувлар ўтказиши муҳимлиги айтилди.

Бундан ташқари шу йил Ханчжоуда ўтадиган Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш, спорт мураббийлари тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қарорлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Маълумот учун, сўнгги уч йилда 118 та спорт мажмуаси, маҳаллаларда 7 мингта спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда 3500 та мини-футбол, 6 мингта баскетбол, волейбол, 663 та бадминтон майдонлари, мингдан ортиқ фитнес заллари мавжуд. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида «Саломатлик йўлаклари» ва велосипед йўллари ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, 14 март куни бокс бўйича Баҳодир Жалолов, гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабларини ташкил этиш бўйича президент қарори қабул қилинганди. Унга кўра мактабда жами 165 нафар 1−11-синф ўқувчилари умумтаълим дастурлар бўйича ўқитилиши, бу уларга энг яқин жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида амалга оширилиши айтилганди. Йиғилишда шу борада амалга ошириладиган ишлар ҳам тақдимот қилинди.