Solar Orbiter автоматик космик аппарати қуёшнинг кузатувлар тарихидаги энг яқин тасвирларини тақдим этди. Solar Orbiter Европа космик агентлиги (ESA) ва АҚШ аэронавтика ва космик тадқиқотлар миллий агентлиги (NASA) ҳамкорлигида амалга оширилаётган космик миссия ҳисобланади.

Қуёшнинг суратлари космик аппарат томонидан 7 март куни, Ер ва Қуёш орасидаги масофанинг ўртасида олинган (суратни катталаштириш учун устига босинг).


Extreme Ultraviolet Imager (EUI) қурилмасининг тасвирларидан бири бу қуёш диски, ташқи атмосфераси ва тожининг энг юқори пикселларда олинган тўлиқ сурати демакдир.

Spectral Imaging of the Coronal Environment (SPICE) ускунаси ёрдамида олинган яна бир расм Қуёшнинг 50 йил ичидаги биринчи тўлиқ тасвири ҳисобланади. Қайд этилишича, ушбу тасвирлар ичида энг яхшиси — Лайман-бета тўлқини узунлигида олинган водород гази чиқарадиган ультрабинафша нурининг суратларидир.


Тасвирлар қуёш орбитасидан тахминан 75 млн километр узоқликда, яъни қурилма Ер сайёраси ва Қуёш ўртасидаги масофага етганида олинган.

«EUI юқори аниқликдаги телескопи шу қадар юқори кенгликдаги тасвирларни оладики, бундай яқин масофада бутун Қуёшни тасвирлаш учун 25 та алоҳида суратлардан иборат мозаика талаб қилинади. Тўлиқ тасвир тўрт соатдан кўпроқ вақт давомида кетма-кет (бўлиб-бўлиб) олинган, чунки ҳар бир қисмни (суратга олиш) тахминан 10 дақиқа давом этади, шу жумладан космик аппарат бир сегментдан иккинчисига ўтишга ҳам вақт сарфлайди» — дейилади хабарда.


Якуний тасвир сифати 9112×9148 кенгликда 83 млн пикселни ташкил этади. Таққослаш учун, ушбу расм 4К телевизор экранидан ўн баравар кенгроқ пикселлар сонига эга.

EUI қуёшни 17 нанометр тўлқин узунлигида, электромагнит спектрининг ўта ультрабинафша диапазонида тасвирлайди. Бу Қуёшнинг юқори атмосферасини, Цельсий бўйича тахминан млн даража ҳароратига эга бўлган тожни кўрсатади.

«Қуёшнинг четида «соат 2» ва «соат 8» ҳолатида сиртдан ажралиб чиқаётган қора ипларни кўришингиз мумкин. Ушбу «проминенcлар» отилиб чиқишга мойил бўлиб, катта миқдордаги тож газини космосга ташлайди ва коинот «об-ҳаво"сининг бўронларини яратади», — дейилади хабарда.


Шунингдек, EUI`дан ташқари, SPICE ускунаси ҳам баъзи маълумотларни қайд этди. SPICE қуёш атмосфераси қатламларини тождан хромосфера деб номланувчи қатламгача кузатиб бориш учун мўлжалланган. Қурилма буни турли хил атомлардан юзага келадиган ўта ультрабинафша нурларининг турли тўлқин узунликларини ўрганиш орқали амалга оширади.

SPICE тасвирининг кетма-кетлигида бинафша ранг 10,000 даражадаги водород газига, кўк ранг 32,000 даражадаги углеродга, яшил ранг 320,000 даражадаги кислородга, сариқ ранг 630,000 даражадаги неонга мос келади.


Қайд этилишича, бу физикларга атмосферанинг пастки қатламлари орқали Қуёш тожида юзага келадиган ўта кучли портлашларни кузатишга имкон беради.

Қолаверса, бу олимларга Қуёшнинг энг сирли ҳолатлардан бири, атмосферанинг юқори қатламларида ҳарорат қандай кўтарилишини ўрганишда ҳам қўл келади.

«Одатда иссиқ объектдан узоқлашганда ҳарорат пасаяди. Аммо Қуёш устида тож миллион даража цельсийга етади, сиртда эса атиги 5000 даражага яқиндир. Ушбу сирни ўрганиш Solar Orbiter`нинг асосий илмий мақсадларидан биридир», — дейилади баёнотда.

26 март куни Solar Orbiter яна бир муҳим босқичга эришган, яъни Қуёшнинг биринчи энг яқин перигелийсига етган. Космик кема Меркурий орбитаси ичида жойлашган бўлиб, қуёшни энг юқори кенгликда суратга ололади. Шунингдек, у Қуёшдан келадиган шамол зарралари ҳақидаги маълумотларни ёзиб олади.

«Бу фақат бошланиши, келгуси йилларда космик кемалар бир неча бор Қуёшга жуда яқин учади. Шунингдек, улар қуёшнинг илгари кузатилмаган қутбли минтақаларини кўриш учун ўз йўналишини аста-секин кенгайтиради», — дейилади хабарда.