Ўзбекистон хориждаги меҳнат мигрантлари ватан қайтса, уларни қурилиш ишларига жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 31 март куни президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

«Вилоят ҳокимлари меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни қурилишларга жалб қилиш, уларга зарур асбоб-ускуналар олиб бериш учун субсидия ажратиш ҳисобига қўшимча 100 минг аҳолининг расмий бандлигини таъминлаши кераклиги таъкидланди», — дейилади президент матбуот котибининг хабарда.

Шунингдек, бандликни таъминлаш учун янги механизмларни жорий этиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Дунё бозорларидаги ҳолат, хом ашё, ёқилғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсиб бориши, қўшни давлатлардан пул ўтказмаларининг камайиши аҳоли даромадларига кўрсатиши мумкин бўлган таъсирни ҳисобга олиб ва инфляция ҳисоб-китобларидан келиб чиқиб, эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўламини янада кенгайтириш бўйича таклифлар киритиш вазифаси қўйилди.

Ғофуржон Мирзаев. Ўзбекистон24 видеосидан лавҳа.

Видеоселектордан кейин, Ўзбекистон24 телеканалига берган интервьюсида Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев мигрантлар ва уларнинг оиласини қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилганини таъкидлади.

«Шу кунгача 1900 га яқин мигрантларимиз қайтиб келган. Улар қаерда ишлаган, қандай иш қилган, булар бўйича ҳам ишлаяпмиз. Ва апрель-май ойларида яна 5000 мигрантимиз қайтиб келиши эҳтимоли бор. Улар эртага қайтаб келса қаерга [ишга] жойлаштирамиз, нима билан банд қиламиз деган саволларга жавоб бериш учун бизни аниқ ҳисоб-китобларимиз бор», — деди у.

Шавкат Абдураззоқов. Ўзбекистон24 видеосидан лавҳа.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов эса 67 минг мигрант МДҲ ва бошқа хориж мамлакатларида ишлаб юрганини таъкидлади.

«Биринчи чорак давомида уларнинг 17 минг нафари юртимизга қайтиб келди. Уларнинг барчасини ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилди. Бугунги кунда улар билан ишлаш давом эттирилмоқда. Олдимизда турган вазифа вилоятимизда йил якунига қадар 570 минг аҳолимизнинг ишсизлигини бартараф этиш, мавсумий ва доимий ишлар билан банд қилишдан иборат», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 9 ойи давомида 3 млндан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари Россияга ишлаш учун борганлари маълум қилинган эди.

Март бошида «Газета.uz» иқтисодчи мутахассисларнинг Россиядаги ўзбек мигрантлари ҳозирги шароитда нима қилгани маъқуллиги тўғрисидаги фикрларини бир материалга жамлаган эди.