Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Ҳужжат ИИВ томонидан Тараққиёт стратегияси асосида ишлаб чиқилган.

Лойиҳага кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб ички ишлар органларида босқичма-босқич «E-patrul» тизими жорий этилиб, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади.

Бунинг учун барча маълумотлар жойида планшет орқали текширилиб, патруль-пост хизмати ходимлари фаолияти «бодикамера»дан фойдаланган ҳолда амалга оширишни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Қуйидагилар Патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида ҳуқуқбузарликлар содир этишда гумон қилинаётган фуқаролар ва бошқа шубҳали шахсларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловасига мувофиқ тасдиқланади:

  • «E-patrul» тизимидан фойдаланиш тартиби;
  • Патруль-пост хизмати ходимлари ҳаракатларини қайд этувчи техник воситалардан фойдаланиш тартиби;
  • Бодикамералар орқали қайд этилган маълумотларни ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби;
  • «E-patrul» тизимидан фойдаланишда ходимнинг мажбуриятлари.

Ҳужжат қабул қилинса, ИИВ уч ой муддатда планшет орқали шахсни биометрик идентификация қилишда фойдаланиладиган «E-patrul» дастурий комплексининг техник топшириғи, дастурий таъминоти ва мобиль иловасини ишлаб чиқади. Уни «Киберхавфсизлик маркази»да давлат стандартларида ўрнатилган талаблар бўйича экспертизадан ўтказади.

Низомга мувофиқ ички ишлар органлари, хусусан патруль-пост хизмати ходимларининг «Е-patrul» тизими, планшет ва бодикамералардан фойдаланиш тартиби юзасидан ўқув машғулотларини ташкиллаштирилади.

«E-patrul» тизими фаолиятини рақамлаштиришда зарур компьютер ва бошқа ускуналарни харид қилиш билан боғлиқ харажатларни ИИВнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.

Ҳукумат қарори лойиҳаси доирасида жамоатчилик муҳокамаси 15 апрелга қадар давом этади.