Жорий йилнинг 30 ва 31 март кунлари Хитойнинг Хуаншань шаҳрида Афғонистонга қўшни давлатларининг Вазирлар конференцияси бўлиб ўтди. Унда Россия, Хитой, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари аъзолари ва ташқи ишлар вазирлари иштирок этди. Бу ҳақда Инновациялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Конференция доирасида Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий бошчилигидаги Афғонистон муваққат ҳукумати делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Индонезия ва Қатар ташқи ишлар вазирлари меҳмон сифатида қатнашди.

Ушбу тадбирларда Ўзбекистон номидан бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков иштирок этди.

Конференцияда Сардор Умурзаков Афғонистонга мавжуд муаммоларни бартараф қилиш, миллий иқтисодиётни қайта жонлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш ва мамлакат ҳаётини нормаллаштиришда кўмаклашишга қаратилган минтақавий ҳамкорликни мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Сардор Умурзаков Афғонистон муваққат ҳукуматини халқаро миқёсда тан олиш механизми ва мезонларини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу, ўз навбатида, мамлакатнинг минтақавий макон ва халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувини тезлаштириш имконини беради.

Шунингдек, бош вазир ўринбосари Ўзбекистон томони минтақа давлатлари, ҳамкор мамлакатлар ва Афғонистон билан барча устувор йўналишларда, жумладан, иқтисодий жиҳатдан тиклашни тезлаштириш ва афғон халқининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришга содиқлигини билдирди.

Конференцияда можародан кейинги даврда Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни барқарорлаштириш мақсадида кўп томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ички ва ташқи муаммоларни ҳал қилишда Афғонистонни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали ёндашувлари юзасидан фикр алмашдилар. Шу билан бирга, мамлакат муваққат ҳукумати томонидан ушбу йўналишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар эътироф этилди.

«Афғонистон инқирозини тинч йўл билан ҳал қилиш учун минтақа давлатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мамлакатда барча этник ва сиёсий гуруҳларнинг иштирокига асосланган инклюзив ҳукумат тузишни жадаллаштириш, шунингдек, инсон ҳамда аёллар ва миллий озчиликларнининг ҳуқуқларини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди. Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан мамлакатдаги террористик ташкилотлар фаолиятига йўл қўймаслик ҳамда Афғонистон ҳудудидан қўшни давлатларга таҳдидларнинг олдини олиш бўйича ўз мажбуриятлари бажарилишининг муҳимлигига, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг бошқа талабларига алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади хабарда.

Анжуман якунида тарафларнинг қўшма баёноти ва Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан тиклашни қўллаб-қувватлаш бўйича «Туньси ташаббуси» қабул қилинди.

Тадбирлар доирасида Сардор Умурзаков, шунингдек, хорижлик ҳамкасблари билан бир қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказди. Хусусан, ХХР Давлат Кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён ва Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов дунёдаги ҳодисалар муносабати билан афғон масаласи жаҳон сиёсатида иккинчи даражага тушиб кетгани таъкидлагани ҳақида хабар берган эдик. «Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Халқаро ҳамжамият ушбу мамлакатнинг бугуни ва эртаси учун жавобгарликни зиммасига олиши керак», — деди у БМТ вазирлар анжуманида.