Президенти Шавкат Мирзиёев 31 март кунги видеоселектор йиғилишда Ўзбекистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва нарх ошишининг олдини олиш борасида бир қатор топшириқлар берди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

«Кўрсатилган тезкор амалий ёрдам сабабли бозорларда гўшт, сут, картошка, тухум, гуруч нархлари барқарорлиги сақланмоқда. «Демак, ҳаракат қилсак, албатта натижа бўлади», — деди давлат раҳбари.

Нарх ошишининг олдини олиш

Бош вазир бошчилигидаги Республика штабига қуйидагилар топширилди:

  • зарур озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун аввал берилган 500 млрд сўм имтиёзли ресурсларнинг қайтариш муддати йил якунига қадар узайтирилади;
  • бир ҳафта муддатда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи барча тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг юзага келган муаммоларини кундалик ҳал этиш тизими жорий этилади;
  • биржа савдоларида озиқ-овқат ва хом ашёнинг тўлиқ қўйилиши устидан кунлик назорат ўрнатсин ва сунъий равишда нарх ошишининг олдини олиш бўйича тезкор чораларни кўриб боради;
  • уч кун муддатда шакар, ун, ёғ, гўшт, чой, болалар овқатлари, сут маҳсулотлари каби озиқ-овқат маҳсулотлари импортига акциз солиғи ва божхона божларини қайта кўриб чиқиш бўйича асосланган таклиф киритади.


«Биронта ҳоким ва тармоқ раҳбарининг иш ўринларини камайтиришга, бандлик режаларини бажармасликка ҳаққи йўқ. Агар қайси ҳоким бу ишларни қилмаса, унга нисбатан қатъий чоралар кўрилади», — дея огоҳлантирди Шавкат Мирзиёев.

Ташқи хавф-хатарларни юмшатиш

Йиғилишда шунингдек, ташқи хавф-хатарларни юмшатиш мақсадида тадбиркорларни қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари белгилаб олинди.

Жумладан:

  • банклар томонидан тадбиркорларга хом ашё сотиб олиш ва айланма маблағлар учун қўшимча 10 трлн сўм «револьвер» кредитлар ажратилади. Ушбу маблағлар биринчи галда экспортчилар, озиқ-овқат ва истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчиларга ажратилади;
  • давлат дастурлари доирасида мева-сабзавот етиштиришга, оилавий тадбиркорлик, ипотека ва таълимга ажратиладиган кредитлар ҳажми ва имтиёзли ставкалари сақлаб қолинади.

«Қанчалик оғир бўлмасин, ажратиладиган маблағларни камайтирмаймиз ва юкини оширмаймиз», — деди президент.

Жарима ва имтиёзлар

Бундан ташқари, айрим жарималар вақтинча қўлланилмаслиги ҳамда имтиёзлар даври узайтирилиши таъкидланди.

Жумладан:

  • солиқ маъмурчилиги доирасида омбордаги товарларнинг ҳисоби ва кодларини мажбурий юритиш, мулклар ҳамда ижара шартномаларини электрон рўйхатдан ўтказиш каби янги механизмлар бўйича жарима ва бошқа таъсир чоралари йил якунига қадар қўлланилмайди;
  • ўз эҳтиёжлари учун олиб келинган хом ашё, асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмларга божхона имтиёзларини қўллаш даври ҳозирги 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади;
  • йил якунига қадар Россия, Украина ва Беларусь билан ишлаётган корхоналарга дебитор қарздорлиги учун жарима қўлланилмайди;
  • ушбу мамлакатлар билан ишлаётган экспортчиларнинг банк кредитлари бўйича қарздорлиги узайтирилади, пеня ва жарималар ундирилмайди.

Инвесторларни қўллаб-қувватлаш

Бундан ташқари, давлат раҳбари ўтган ҳафта Тошкент инвестиция форумида кўп миллиард долларлик шартномалар ва келишувларига эришилганини қайд этди.

Таъкидланишича, кўплаб хорижий тадбиркорлар Ўзбекистонда ўз бизнесини бошлаш ёки ривожлантириш бўйича ташаббус қилган.

Шу муносабат билан мутасаддиларга:

  • бир ой муддатда Европа, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Корея, Япония компаниялари билан музокаралар ўтказиб, уларнинг ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш бўйича амалий ишларни бошлаш, бу ишларга хориждаги элчиларимизни ҳам фаол жалб этиш;
  • эркин иқтисодий зоналарда улгуржи савдо компаниялари фаолияти учун имконият яратиш ва уларга имтиёзлар бериш;
  • 1 июлга қадар Навоий, Самарқанд, Тошкент вилояти ва 1 сентябрга қадар Бухоро ва Сурхондарёда қўшни мамлакатлар бозорига маҳсулот етказиб берувчи улгуржи савдо ҳудудини ташкил этиш топширилди.

Банк сектори

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов.

Шунингдек, ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларига 2022 йил 1 апрелдан бошлаб давлат дастурларидан ташқари бюджетдан ссуда бериш ва банкларга депозит қўйишни тўхтатишга топшириқ берилди.

Йиғилишда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари бугунданоқ аниқ ҳисоб-китоб қилиб, уч кун муддатда ўз режаларини ишлаб чиқиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Солиқ ва Божхона қўмиталарига тушумларни таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада 1,5 мингдан зиёд давлат мулкини савдога чиқариш бўйича имзоланган Президент қарори ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилди.

Масалан, 2022 йил 1 майга қадар 50 мингта (4,5 минг гектар) ер участкаларини савдога чиқариш назарда тутилган. Бироқ, Самарқандда ҳозирги кунгача бор-йўғи 6 та ер участкаси электрон савдоларга қўйилган. Қолган ҳудудларда эса биронта ер участкаси савдога чиқарилмаган.

Икки ҳафта муддатда ушбу ерларни тўлиқ аукционга чиқариб, 1 июлга қадар уларнинг камида 50 фоизи сотилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

«Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Халқаро молия бозоридаги ҳозирги нобарқарор вазиятда четдан маблағ жалб қилиш ниҳоятда қийин бўлади. Бундай шароитда ўзимизда бор ресурслардан самарали ва тўлиқ фойдаланиш шарт», — деди президент.

Ҳозирги кунга қадар қиймати 9 миллиард доллар бўлган 105 та лойиҳа доирасида жалб этилган маблағлар ишлатилмасдан тургани ёки чўзилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Бир ой муддатда ҳар бир лойиҳани ўрганиб, уларни жадаллаштириш топширилди. Бунда, самарасиз ва истиқболсиз лойиҳаларни тугатиш бўйича таклифлар тайёрланади.