Урганч аэропортидан унча узоқ бўлмаган жойда Ўзбекистон президенти ташаббуси билан Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши режалаштирилмоқда. Бунинг учун 110 гектар майдон ажратилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 март куни Хоразм вилоятига ташрифи чоғида мазкур лойиҳа билан танишди. Шаҳарнинг умумий концепцияси февраль ойида тасдиқланган эди, деб эслатмоқда матбуот хизмати. Ўшанда Урганчда Ал-Хоразмий шаҳарчаси ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди. «Бу сафар ундаги ҳар бир бинонинг вазифалари ва мазмуни муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Лойиҳа доирасида университет, IT-парк, турар-жой бинолари, мактаб ва болалар боғчаси, спорт мажмуаси қурилиши кўзда тутилган. Шаҳар марказида Муҳаммад ал-Хоразмий хиёбони қурилади, у ерда буюк алломанинг янги ҳайкали ўрнатилади.

Илгари Ал-Хоразмий ёдгорлиги Урганч шаҳри марказида жойлашган эди. Сўнгра вилоят ҳокимлиги биноси олдидаги майдонда яна бир ёдгорлик ўрнатилди. Энди бу майдонда Жалолиддин Мангубердининг янги ҳайкали қад кўтаради.

Лойиҳа билан танишган президент қурилишни бошқариш комиссиясини ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

«Бу шаҳар ичидаги шаҳар бўлади. Университет, инновацион марказ ва мактаблар илмий-таълим кластерини ташкил қилади. Шунингдек, ишчилар учун уй-жойлар, илмий-ишлаб чиқариш зонаси қурилади. Шаҳарчани сифатли қуриш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Урганч шаҳридаги Санъат музейининг кўргазмалар майдонини реконструкция қилиш ва кенгайтириш, Хива қўғирчоқ театрини замонавий бинога кўчириш ҳам режалар қаторида.

«Президент мазкур муассасалардан самарали фойдаланиш, қўшимча хизматларни йўлга қўйиш, даромад олиш учун шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади», — дейилади хабарда.