Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти киритган тақдимномага асосан, Диёр Имомхўжаев Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) бош директори лавозимига сайланди. Бу ҳақда ташкилот Ижроия қўмитаси йиғилишида маълум қилинди.

Диёр Имомхўжаев Лиганинг Ижроия қўмитаси аъзолари томонидан овоз бериш йўли орқали 4 йилга бош директори этиб тасдиқланди.

Йиғилишда ЎзПФЛ Ижроия қўмитасининг жами 9 нафар аъзосидан 8 нафари иштирок этди. Жумладан, ташкилот раҳбари Диёр Имомхўжаев, ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов, ЎФАнинг Аёллар футболи бўлими бошлиғи Азиза Татлимуратова, ЎзПФЛ юрисконсульти Ойбекхон Иброҳимхонов, АГМК футбол клуби бош директори Баҳодир Мирзаев, «Локомотив» футбол клуби бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов бевосита қатнашди.

2 нафар аъзо — «Насаф» футбол клуби бош директори Алишер Юсупов ҳамда «Хоразм» футбол клуби бош директори Мақсуд Каримов эса масофадан иштирок этди. Шунингдек, бир нафар Ижроқўм аъзоси, «Турон» футбол клуби президенти Олимхон Аҳмедов айни пайтда хориж сафарида экани боис овозини алоҳида тақдим этди.

Диёр Имомхўжаев 2020 йилнинг 26 май куни ЎзПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.