«Гулистон нефть базаси»да нефть маҳсулотларининг сақланиши, истеъмолчиларга етказиб берилиши, дебиторлик, кредитор қарздорликлар билан кўплаб ноўрин харажатлар, шунингдек, амалдаги қонунчиликка риоя қилинмаслик ҳолатлари аниқланди, дея хабар берди «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати.

Қайд этилишича, жамият ва филиал раҳбарияти ҳамда муттасади ходимларининг ўз вазифаларига совуққонлик билан ёндошиши оқибатида жамиятнинг 1 март ҳолатига жами дебитор қарздорлик 24,7 млрд сўмни ташкил қилган бўлиб, масъул ходимлар томонидан вақтида ундириш чоралари кўрилмагани натижасида 9 млрд сўм «умидсиз» қарздорликка айланиб улгурган.

Жамият масъул ходимлари томонидан 3,2 млрд сўмлик нефть маҳсулотлари камомадини яшириш мақсадида кластерлар ҳамда фаолият юритиб турган ва тугатилган фермер хўжаликларига тўловсиз расмийлаштирилиб, дебиторлик қарздорликда акс эттирилган.

Шунингдек, «Гулистон нефть базаси» МЧЖ ва Сирдарё филиали қарашли АЁҚШлар ва ФЁТШларда жами 10 852 литр қиймати 98,2 млн сўмлик нефть маҳсулотлари камомади аниқланди ва амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида мазкур маблағлар жамият ҳисоб рақамига тўлиқ қайтарилган.

Сирдарё филиалининг 2021 йилнинг сентябрь ойи ҳисоботларида ҳақиқатда мавжуд корхоналардан 146,5 млн сўмлик муддати ўтган дебиторлик қарздорликлари асоссиз равишда ҳисоботдан чиқарилиб, жамиятнинг зарарига олиб борилган.

Нефтни қайта ишлаш заводининг нефть маҳсулотларини «масъул сақлаш» юзасидан тузилган шартнома талаблари бузилган ҳолда заводга қарашли масъул сақлашдаги 372 тонна ЭКО дизель ёқилғисини белгиланган тартибда биржа савдолари орқали сотиб олмасдан, асоссиз истеъмолчиларга сотиб юборилишига йўл қўйилган.

Жамият ва филиал мансабдор шахслари томонидан ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилган ҳолда Жамиятнинг ҳисоб рақамидан 419,6 млн сўм пул маблағларини шахсий манфаатини кўзлаган ҳолда ҳеч қандай асосларсиз ўзларининг пластик карталарига ўтказган ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборилган. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида айбдор ходимлардан Жамият ҳисоб рақамига тўлиқ қайтарилган.

Жамият мансабдор шахси томонидан жамият балансида бўлган жами 23 дона бозор қиймати жами 310 млн сўмлик сиғимлар асоссиз ҳисобдан чиқариб жамиятга зарар етказилган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимида манфаатлар тўқнашувини олдини олишга қаратилган кенг кўламли амалий ишларга қарамасдан Жамият мансабдор шахслар томонидан қонун хужжатларига зид равишда жами 2 млрд 696,6 млн сўмлик манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, яъни ўзларининг яқин қариндошларига тегишли бўлган корхоналарга нефть маҳсулотларини бериб юбориш ҳамда харид қонунчилигига зид равишда шартномалар тузиш ҳолатлари аниқланган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича камчиликларни ундириш ва вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун ўрганиш ҳужжатлари тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилган.