31 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий комплекс раҳбарларига макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш бўйича таъсирчан чораларни давом эттиришга кўрсатма берди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби хабар қилди.

Бунинг учун ҳудуд ва тармоқ харажатларини 10 трлн сўмга (МБнинг 1 апрелдаги курсига кўра, 877,5 млн доллар атрофида) қисқартириш талаб этилади.

Президент йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга қуйидагиларни тақиқлади:

  • молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошлашни;
  • бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни.

Бош прокуратурага бюджет ташкилотларида ушбу харажатларнинг олдини олиш устидан тизимли назорат ўрнатиш ва вилоят кесимида ҳар ҳафта президентга ахборот бериш топширилди.

«Бу — маблағлар олиб қўйилади, дегани эмас. Барча иқтисод қилинган маблағлар ушбу ҳудуд ва тармоқнинг ривожлантириш дастурига йўналтирилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ, давлат раҳбари мазкур йиғилишда ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларига 2022 йил 1 апрелдан бошлаб давлат дастурларидан ташқари бюджетдан ссуда бериш ва банкларга депозит қўйишни тўхтатишга ҳам топшириқ берганди.

Бундан ташқари, президент уч кун муддатда шакар, ун, ёғ, гўшт, чой, болалар овқатлари, сут маҳсулотлари каби озиқ-овқат маҳсулотлари импортига акциз солиғи ва божхона божларини қайта кўриб чиқиш вазифасини юклади.