Ўзбекистон меҳнат ҳуқуқи соҳасида кейинги босқичда — меҳнатга муносиб шароит яратиш ва ҳақ тўлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантиришни режа қилмоқда.

Бу ҳақда 31 март куни Тошкентда Олий Мажлис Сенати ва Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган «Ўзбекистонда муносиб меҳнатни илгари суриш: инсонга йўналтирилган ёндашув» мавзуидаги халқаро конференцияда айтиб ўтилди.

«Бугун биз Халқаро меҳнат ташкилоти билан иқтисодиётимизнинг барча тармоқлари учун биринчи навбатда муносиб меҳнат шароитини яратиш йўналишларини қамраб олувчи ҳамкорликнинг янги босқичига ўтаяпмиз. Бугунга келиб ХМТнинг барча асосий конвенцияларини, барча зарур келишувларини ратификация қилдик. Буларнинг барчаси меҳнат соҳасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, кучли ижтимоий ҳимоя тизимини яратишга қаратилган. Албатта, Ўзбекистон олдида катта вазифилар турибди», — деди Танзила Нарбаева.


Фото: Сенат матбуот хизмати.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021−2025 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат дастурининг барча йўналишлари инсон ҳуқуқларини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратишга қаратилган.

«Бугун биз мазкур масалаларни муҳокама қиламиз ва тегишли қарорлар, йўл харитасини қабул қиламиз. Энг асосийси — барчаси инсонлар манфаати учун қилинишида, одамлар яратилган шароитлар, меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий ҳимоя тизимидан қониқиши керак. Мана шу асосий мақсад», — деди Сенат раиси.

«Газета.uz» мухбири билан суҳбатда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов энг муҳими болалар ва мажбурий меҳнатга чек қўйилганини сақлаб қолиш эканлигини таъкидлади.

Нозим Хусанов. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

«Ҳақиқатда барча халқаро ташкилотлар бугун Ўзбекистонда тизимли болалар ва мажбурий меҳнат батамом бартараф этилганини тан олишди. Лекин энди мана шу эришган ютуқларимизни ушлаб қолиш. Масаланинг 50 фоизи эришганимиз, 50 фоизи шуни сақлаб қолишимиз керак. Шунинг учун ҳам энди биз халқаро меҳнат ташкилоти билан биргаликда иккинчи даражали амалга ошириладиган ишларимизни белгилаб олдик», — деди у.

«Бу ҳам бўлсаки, Ўзбекистонда муносиб меҳнат шароитларини яратиш. Меҳнат муҳофазаси ва меҳнат гигиенасига эътибор бериш. Биламизки, чет эллик тадбиркорлар шу маҳсулот қандай шароитда ишлаб чиқарилганига жуда катта эътибор беришади. Хаттоки хоналарнинг жиҳозланганлиги, ёруғлик ҳолатлари, ҳаво тозалиги, ходимларга яратилган ижтимоий ҳимоя мавжудми, хаттоки, овқатланиш, гигиена ҳолатлари бўйича ҳам жуда катта эътибор беришади. Ҳақиқатда уларга шу нарсалар ёқса, шундан кейингина маҳсулотни экспортга олишади», — дея таъкидлади вазир.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили Ўзбекистон ХМТнинг «Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида»ги конвенция ратификация қилинди.

«Иккинчи йўналишимиз, халқаро ҳамжамиятни Better Work (Меҳнат шароитларини яхшилаш) дастури бор. Бу ҳам муносиб меҳнат шароитлари ва муносабатларини яхшилашга қаратилган дастур. Биз мана шу лойиҳани ХМТ билан биргаликда бошлаймиз, апрель ойида ХМТнинг алоҳида техник мутахассислари келишади. Better Work бўйича халқаро муносабатини яхшилаш бўйича халқаро тажрибада эришилган натижаларни, кўплаб давлатлар босиб ўтган йўлни бизга ўргатишади, техник томондан ёрдам беришади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бунинг учун босқичма-босқич йўл харитаси ишлаб чиқилади.

«Чунки буни бирданига қилиб бўлмайди, йўналишларимиз жуда кўп. Биринчиси қурилиш, иккинчиси сервис соҳаси. Ҳозир ҳар бир вилоятимизда сервис соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар қабул қилинган, жуда йирик маблағлар шу соҳага йўналтирилаяпти. Яъни, биринчи навбатда шу иккита соҳадан бошлаймиз, кейин албатта бунга бошқа соҳалар ҳам қўшилиб боради», — деди Нозим Хусанов.

У шунингдек, давлат ва хусусий секторда 6 кунлик иш ҳафтасидан 5 кунликка ўтиш мумкин ёки йўқлигига ҳам тўхталиб ўтди.

«Охирги пайтда иш ўринлари 98 фоиз тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилаяпти. Агар биздаги тадбиркорлик субъектлари ўз иш фаолиятини халқаро нормаларга мослаштириш ёки ишлаб чиқариш режаларини дастурлашса [ 5 кунлик иш ҳафтасига ўтиши мумкин]. Албатта буни вақт кўрсатади. Буни бирданига қилиб бўлмайди», — деди Низом Хусанов.

Таъкидланишича, буни айрим соҳаларни танлаб олиб, амалиётга тадбиқ этиш мумкин.

«Бир вақтлар мактабларимизда шанба кунлари [ходимларни] ишлатмайлик деган масалалар кўтарилганди, лекин бу ерда агар фарзандларимиз бирон-бир таълим соҳасига бормайдиган бўлса, демак ота-онасининг бандлигини ўйлашимиз керак. Айрим ҳолатларда ота-оналар шанба куни ҳам ишлашади. Фанзанди уйда бўлса, қаровчиси бўлмаса, эртага қандай қилишимиз керак, деган савол туғилади. Шунинг учун ҳам ҳамма томонларини ўйлаб, қандайдир соҳаларни танлаб олиб, қилишимиз мумкин», — дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ҳамда йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берганини маълум қилганди. Хусусан, 2021 йилда теримчиларнинг 99 фоизи ихтиёрий, тахминан бир фоизи эса бевосита ёки билвосита мажбурлаш орқали ушбу жараёнга жалб этилганини маълум қилган. Теримчиларнинг учдан икки қисмини хотин-қизлар ташкил этади.