Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) 25 март куни Навоий, Китоб ва Шаҳрисабз шаҳарларида сув инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда чорвачилик соҳасини инклюзив ва иқлимий инвестицияларни молиялаштириш бўйича ҳамкорликда ишлашга қаратилган иккита келишув имзолади, деб хабар берди «Газета.uz»га ФТА.

«Газета.uz» илк лойиҳа ҳақида аввалроқ хабар берган эди. Унга кўра, келгуси олти йил ичида Навоий вилоятининг Кармана, Қашқадарёнинг Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарларида марказий канализация тизими қурилади ва реконструкция қилинади. Ушбу дастур учун ФТА кредити 105 миллион еврони ташкил қилади.

Чорвачиликни ривожлантириш лойиҳаси учун Европа Иттифоқининг грант молиялаштириш бўйича келишуви 7,6 млн евро миқдорида маблағни назарда тутади. Аввалроқ, 2021 йилнинг июнь ойида ФТА худди шу лойиҳа учун 100 млн евро ажратган эди.

Биргаликда бу маблағлар иқлимий барқарор амалиётларни қўллашга қодир ва мослашувчан бўлган кичик ишлаб чиқарувчиларнинг ўсиш потенциалига асосланган чорвачиликни ривожлантиришнинг янги моделини молиялаштиришга сарфланади.

Европа Иттифоқи гранти иштирокчи молия институтлари ва чорвачилик соҳасига алоқадор бошқа институтлар учун техник ёрдам дастурини қамраб олади. ЕИ маблағлари, шунингдек, кичик фермер хўжаликларининг кредит олиш имкониятларини рағбатлантириш учун инвестиция грантини молиялаштиришга ҳам йўналтирилади. Дастур ҳақида қўшимча маълумотни ФТА сайтидан топиш мумкин.