27 март куни ижтимоий тармоқларда Бухоронинг «Ситораи Моҳи Хосса» тарихий музей мажмуасида товус қуши патларини юлиб олган қиз тасвири акс этган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат бўйича Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси жарима тайинлаганини маълум қилди.

Аниқланишича, 26 март куни ғиждувонлик шахс икки нафар вояга етмаган қариндоши О.Х. ва С.Х. билан Бухородаги «Ситораи Моҳи Хосса» тарихий музей-мажмуасига саёҳатга келишган. Шунда қизлардан бири музей ҳовлисида юрган товус қушининг икки дона патини юлиб олган.

Ҳолат юзасидан вояга етмаган О.Х.нинг онасига МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисми (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан баённома расмийлаштирилди. Энди у БҲМнинг 1−5 бараваригача (270 минг сўмдан — 1 млн 350 минг сўм) жарима тўлайди.