Ўзбекистон президентининг 25 мартдаги фармойиши билан Аллаев Абдулло Садуллоевич судьялик ваколати муддати даврининг беш йил муддатига Бухоро вилоят суди раисининг ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига тайинланди, дея хабар қилди Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати.

Мазкур фармойиш билан ёзма аризасига биноан ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани учун Рўзиев Сухандиёр Гадоевич Бухоро вилоят суди раисининг ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимидан озод этилиб, судьялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди.

Абдулло Аллаев тайинловга қадар Ўзбекистон Олий судининг судьяси лавозимида ишлаган.

Шунингдек, Судьялар олий кенгаши қарори билан «ёзма аризасига биноан ҳамда судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган, шунингдек, суднинг обрўсига путур етказадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этгани учун» Завкиддин Музафаров Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси лавозимдан озод қилинди.

Бундан ташқари, ёзма аризасига биноан Илхомжон Ражабов Тошкент шаҳар Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимидан озод этилиб, ваколати муддатидан илгари тугатилди.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Бухоро вилояти судининг судьяси Ш. Неъматов судьялик қасамёдини бузгани учун лавозимидан озод этилди. Хоразм ва Навоий вилоятидаги суд раислари эса интизомий жавобгарликка тортилганди.