25 март куни Ўзбекистон Марказий банки (МБ) раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Ислоҳотлар жараёнида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш» мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди (видео).

МБ раҳбари ўринбосари макроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг асосий шарти, биринчи навбатда, ислоҳотлар, трансформация қилиш, хусусийлаштириш ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини, жумладан, банк тизими ва иқтисодиётнинг реал секторини ислоҳ қилишдир, деб ҳисоблайди.

Унинг қайд этишича, пул-кредит сиёсати, банк тизими ва умуман иқтисодиётдаги ислоҳотлар Ўзбекистонда инфляциянинг сезиларли даражада пасайишига, шунингдек, валюта курсининг барқарорлашувига хизмат қилди.

Хусусан, 2018 йил январь ойида йиллик инфляция даражаси тахминан 18 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йил охирига келиб 10 фоизгача пасайди. Иқтисодий ўсиш ўртача 6 фоизни ташкил этди, аҳолининг реал даромадлари ўртача 8 фоизга ошди.

«Бундай барқарор вазият маҳаллий ва хорижий инвесторларга мамлакатимизда янада кўпроқ узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имконини бермоқда», — деди Беҳзод Ҳамраев.

Юқоридаги шартлардан келиб чиққан ҳолда, МБ йил бошида 2022 йил учун инфляция даражаси 9 фоиздан камроқ, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши 6 фоиздан юқори бўлишини прогноз қилган эди.

«Дастлабки икки ойда айнан шундай вазият кузатилаётганди, барча макроиқтисодий шароитлар прогноз бўйича кетаётган эди, аммо февраль охиридаги сўнгги ташқи шоклар, албатта, макроиқтисодий кўрсаткичларимизга салбий таъсир қилади», — дея таъкидлади у.

МБ раҳбари ўринбосарининг фикрича, дунёда рўй бераётган сўнгги воқеалар (Украинадаги уруш, Россияга қарши санкциялар, озиқ-овқат савдосига қўйилган чекловлар билан боғлиқ) Ўзбекистон иқтисодиётига учта канал: валюта курси, инфляция ва молиявий барқарорлик орқали салбий таъсир кўрсатади.

Унинг таъкидлашича, сўнгги ҳафталарда ривожланаётган мамлакатлар миллий валюталари «курс босими»ни бошдан кечирмоқда. Россия ва Қозоғистондан пул ўтказмаларининг қисқариши, экспорт тушумларининг камайиши ёки кечикиши, девальвация кутилмаларининг кучайиши муносабати билан корхоналар ва аҳолининг валюта бозоридаги талаби ошиши ва асосий савдо ҳамкорлари (Россия ва Қозоғистон) миллий валюталарининг сезиларли даражада қадрсизланиши сўмнинг реал алмашув курсига босим ўтказди.

Бутун 2021 йил давомида сўмнинг девальвацияси 3,4 фоизни ташкил этган бўлса, сўнгги икки ҳафта ичида сўм тахминан 6 фоизга қадрсизланган.

«Бу сингари шоклар ҳукумат ва Марказий банкдан қандайдир фавқулодда чоралар кўришни талаб қилди. Албатта, Марказий банк бошқаруви бу ҳолатга муносабат билдирди. Ўтган ҳафтада Марказий банк инфляциянинг монетар омилларини минималлаштириш, шунингдек, девальвация ва инфляцион кутилмаларни ушлаб туриш ҳамда миллий валютадаги жамғармаларни сақлаб қолиш мақсадида асосий ставкани 14 фоиздан 17 фоизга оширди», — дея қайд этди у.

Беҳзод Ҳамраев бу қарор бозорга ижобий таъсир кўрсатганини таъкидлади. «Биз товар, пул ва валюта бозорларида бироз барқарорлашув кузатмоқдамиз», — деди регулятор вакили.

Кейинги таъсир канали — инфляция. МБ раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, регулятор йил бошида истеъмол нархларининг ўсишини 9 фоиздан камроқ даражада прогноз қилган. Аммо жаҳон бозорида озиқ-овқат ва хомашё нархларининг ўсиб бораётгани, асосий ҳамкор-давлатлар томонидан айрим маҳсулот турлари (шакар, дон ва бошқалар) бўйича савдо чекловлари киритилиши, «валюта курси қадрсизланишининг импорт нархларига ўтиши», сезилаётган инфляция даражаси ва инфляцион кутилмаларнинг инфляциянинг ўзидан сезиларли юқори даражада шаклланиши муносабати билан МБ ўз прогнозларини қайта кўриб чиқиши мумкин.

«Назаримда, бу каби салбий шоклар инфляция даражасига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Эҳтимол инфляция прогнозимиздан бироз юқори бўлар», — дея огоҳлантирди Беҳзод Ҳамраев.


Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

Учинчи канал — молиявий барқарорлик. Салбий таъсир муаммоли кредитларнинг (NPL) ортиши, россиялик контрагентлар томонидан молиялаштиришнинг кечикиши билан боғлиқ муаммолар туфайли муайян инвестиция лойиҳаларини кечиктириш ёки бекор қилиш, ликвидликни тақсимлашдаги муаммоларда намоён бўлиши мумкин.

«Қарз олувчилар, жумладан, ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар молиявий аҳволининг ёмонлашуви қайсидир маънода тижорат банклари активлари сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деди у.

МБ раҳбари ўринбосарининг маълум қилишича, регулятор банк тизимидаги молиявий ҳолат ва буферларни «бир нечта шоклар»дан текшириш мақсадида бир қанча стресс-тестлар ўтказган.

«Бизнинг стресс-тестларимиз натижалари банклар ҳар қандай хавфли сценарийда жуда ишончли ва ликвидли эканини кўрсатади», — дея қайд этди у.

Беҳзод Ҳамраевнинг таъкидлашича, Марказий банк валюта курсининг асосий тенденциясига таъсир ўтказа олмайди, сабаби Ўзбекистонда сузиб юрувчи валюта курси режими амал қилади.

«Биз валюта курсининг ташқи шоклар таъсирида мувозанатлашувига ҳамда бозор талаби ва таклифи асосида шаклланишига имкон берамиз. Бироқ ўтган йили фойдаланилмаган захираларимиз ва ваколатимиз мавжуд. Баъзи қисқа муддатли шокларни бартараф этиш мақсадида интервенцияларни амалга оширишимиз мумкин», — дея маълум қилди у.

Яъни, Марказий банк ўтган йилларда тўпланган захиралар ҳисобидан валюта интервенцияларини «нейтраллик тамойиллари»га асосан фақат валюта курсининг ҳаддан ташқари ўзгарувчанлигини чеклаш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида амалга оширади.

Бундан ташқари, регулятор инфляциянинг монетар омилларини жиловлаш, валюта курсига босимни пасайтириш ва миллий валютадаги жамғармаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида пул-кредит шароитларини сезиларли даражада қатъийлаштирди (ставкани 17 фоизга ошириш). Ваҳоланки, дастлаб инфляциянинг пасайганини ҳисобга олган ҳолда асосий ставкани тушириш режалаштирилган эди.

Беҳзод Ҳамраев, шунингдек, Россия ва Қозоғистонда бўлгани каби, валюта чекловларини жорий этиш режаларини ҳам рад этди.

«Аксинча, биз келгусида капитал ҳаракати ҳисобини босқичма-босқич либераллаштиришни режалаштирмоқдамиз. Аслида, бу режа расмий эди ва капитални либераллаштиришнинг дастлабки босқичи 2022 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши режалаштирилган эди. Юзага келган вазият туфайли бу ислоҳотларни кейинга суришга мажбур бўлдик, лекин уларни амалга ошириш ниятида қатъиймиз», — дея таъкидлади у.


Банклар корхоналарга айланма маблағларни тўлдириш учун қисқа муддатли кредитлар бериш орқали уларни қўллаб-қувватлайди. «Бу амалиёт пандемия даврида жуда яхши қўл келди ва банклар уни яна қўллайди. Ўйлайманки, бу корхоналарга бир қатор ташқи шокларни енгишга ёрдам беради», — деди МБ раиси ўринбосари.

Бундан ташқари, МБ тижорат банкларига ташқи шоклардан жабр кўрган компанияларни жаримага тортмасликни ва кредит тўловлари кечиктирилган тақдирда, уларнинг ҳар бирига мижозга йўналтирилган ёндашувни қўллашни тавсия қилди.

«Табиийки, ташқи муҳитдаги кўплаб ноаниқликлар макроиқтисодий кўрсаткичларни қайта кўриб чиқиш учун вақт талаб этади. Ҳозир аниқ прогноз айта олмаймиз, чунки вазият кундан-кунга ўзгариб бормоқда», — деди у.

Шу билан бирга, Беҳзод Ҳамраев ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозларни қайта кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкин бўлган бир қанча тахминларни илгари сурди.

«Асосий савдо ҳамкорларимизда иқтисодий ўсиш суръати пасайиши жиҳатидан қайта кўриб чиқилади. Бу ташқи талабга ҳам, пул ўтказмаларига ҳам таъсир қилади. Пул ўтказмалари орқали бу бизнинг иқтисодиётимиздаги умумий истеъмолга таъсир қилиши мумкин. Истеъмол [пасайиши] иқтисодиётдаги ялпи талабга таъсир қилади, шунинг учун кейинчалик, эҳтимол, иқтисодий ўсиш пасайиши жиҳатидан қайта кўриб чиқилади. [ЯИМ] ўсиш суръатлари ўтган йилга нисбатан секинроқ бўлиши мумкин», — дея қайд этди у.

Унинг сўзларига кўра, озиқ-овқат ва хомашё нархларининг жаҳон миқёсида ўсиши Марказий банкни инфляция прогнозини ўсиш жиҳатидан қайта кўриб чиқишга ундайди. Бундай ҳолатда, 2022 йилда 9% дан паст бўлган инфляция мақсадли кўрсаткичига эришилмаслиги мумкин.

МБ раҳбари ўринбосарининг таъкидлашича, айрим савдо ҳамкорларидан инвестициялар оқимининг кечикиши, минтақада ноаниқликнинг кучайиши, шунингдек, ривожланган мамлакатлар монетар шарт-шароитларни қатъийлаштира бошлаши билан боғлиқ равишда инвестиция ҳажми қисқариши мумкин.

«АҚШ ва бошқа ривожланган давлатлар аллақачон инфляцияга қарши чораларни кучайтира бошлагани боис, бу маълум даражада халқаро молия бозорлари ва иқтисодиётимиз манфаатларига таъсир қилиши мумкин», — дея қайд этди у.

Беҳзод Ҳамраев буларнинг барчаси тахмин эканлигини таъкидлади.

«Ўйлайманки, қисқа муддатда иқтисодий ўсиш секинлашиши мумкин, аммо узлуксиз таркибий ислоҳотлар ўрта ва узоқ муддатли истиқболда юқори иқтисодий ўсишга олиб келади», — дея хулоса қилди у.

Марказий банк 21 апрель куни бўлиб ўтадиган асосий ставка йиғилиши олдидан ташқи рисклар ва юқори даражадаги ноаниқликларни ҳисобга олган ҳолда макроиқтисодий прогнозларни қайта кўриб чиқиш учун чуқур таҳлил ўтказиши кутилмоқда.