Италиянинг Сардиния оролида россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг қиймати 600 минг доллардан ортиқ бўлган Mercedes Maybach S650 Guard VR10 автомобили мусодара қилинди. Бу ҳақда The Times нашри хабар берди.

Таъкидланишича, ушбу автомобиль пулемёт ва қўл гранаталари ҳужумларига бардош бера олади. Қора рангдаги Mercedes Maybach Италия солиқ полицияси томонидан мусодара қилинди. Улар аввалроқ, Европа Иттифоқининг олигархларга нисбатан санкцияларини россияликларга тегишли виллалар ва яхталарга қўллашга киришган.

Нашрнинг ёзишича, бир вақтлар Буюк Британиянинг энг бой одами сифатида тилга олинган асли ўзбекистонлик тоғ-кон магнати Алишер Усмонов аллақачон Сардиниядаги 17 млн евролик вилласидан ва 66 млн евролик активлари бўлган олтита компаниясидан айрилган.

Аввалроқ, тадбиркорнинг дунёдаги энг йирикларидан бири ҳисобланган Dilbar номли 600 млн долларлик супер яхтаси ҳамда Россиядаги энг йирик самолётлардан бири деб қаралган хусусий самолёти АҚШда америкалик шахслар томонидан фойдаланиш учун блокланганди.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи Россиянинг Украинадаги ҳарбий операцияларига алоқадор дея ҳисоблаган россиялик миллиардер Алишер Усмонов, бошқа энг бой россияликлар ва Россия компаниялари раҳбарларига санкциялар киритганди.

Улар орасида USM ҳолдинг асосчиси, келиб чиқиши асли ўзбекистонлик бўлган рус миллиардери Алишер Усмонов ҳам бор. Алишер Усмонов Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази қурилишини молиялаштирмоқда, шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини сақлаб қолиш, шу жумладан, Тошкентда модернизм меъморчилигини қайта тиклаш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда. У билан алоқадор бўлган Россия компаниялари яқинда «Капиталбанк» ва «Оҳангаронцемент» акцияларини қўлга киритган эди.