Украинадаги уруш натижасида мамлакатнинг бир марталик иқтисодий йўқотишлари 564,9 млрд долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда Украина Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига таяниб Корреспондент нашри хабар қилди.

Хабарда айтилишича, Украина бош вазирининг биринчи ўринбосари — иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко уруш баробарида ўсишда давом этаётган иқтисодий йўқотишларнинг таркибини очиқлади.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат томонидан кўрилган бир марталик иқтисодий йўқотишларни баҳолашнинг «камида икки хил методи» мавжуд.

«Биринчиси — тўғридан-тўғри йўқ қилиш натижасида кўрилган зарарни баҳолаш, иккинчиси — ҳарбий ҳаракатларнинг умумий таъсири, аниқроғи барча оқибатларини ҳисобга олган ҳолда баҳолаш, шу жумладан, иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши, ишсизлик даражасининг ўсиши, савдонинг тўсиб қўйилиши, истеъмол талабининг пасайиши ва ҳоказо», — дея аниқлик киритган иқтисодиёт вазири.

Свириденкога кўра, иқтисодий йўқотишлар таркиби қуйидагича:

  • 119 млрд доллар — инфратузилманинг йўқотилиши (қарийб 8 минг км йўллар, ўнлаб темир йўл вокзаллари, аэропортлар вайрон қилинган ва шикастланган);
  • 112 млрд доллар — 2022 йилда мамлакат ЯИМ йўқотишлари;
  • 90,5 млрд доллар — тинч аҳолининг йўқотишлари (10 млн квадрат метр аҳоли турар жойлари, 200 минг автомобиль, 5 млн кишининг озиқ-овқат таъминоти);
  • 80 млрд доллар — корхона ва ташкилотлар томонидан кўрилган зарар;
  • 54 млрд доллар — Украина иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялар йўқотилиши;
  • 48 млрд доллар — давлат бюджетидан йўқотишлар.

Шу ўринда вазир «рақамлар ўсишда давом этишини» таъкидлаган.

Унинг қайд этишича, Украина ҳеч қандай тўсиқларга қарамай, суд қарорлари ва Россиянинг музлатилган активларини Украинага йўналтириш орқали «агрессордан компенсация тўловларини ундиришга» эришади.

Шунингдек, нашрнинг ёзишича, Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, уруш натижасида Украина иқтисодиёти 35 фоизга пасайиши кутилмоқда. ХВЖнинг Украина бўйича директори ўринбосари Владислав Рашкован бу ҳисоб-китоблар отишмалар энг юқори интенсивликка эга бўлмаган кунларга оид маълумотларга асослангани, шунингдек, «назарий жиҳатдан қандайдир натижага олиб келиши мумкин бўлган музокаралар жараёни» бораётганини таъкидлаган. У прогнозлар урушнинг якуний нуқтасини англаган ҳолда амалга оширилиши зарурлигини қайд этган.

Аввалроқ Украина президентининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Олег Устенко мамлакат икки ҳафта ичида 100 млрд долларлик зарар кўрганини маълум қилган эди (бу мамлакат ЯИМнинг ярмига тенг). Шунингдек, уруш сабаб Украинадаги корхоналарнинг 50 фоизи фаолиятини тўлиқ тўхтатгани хабар қилинди.