Наманганда ўз якунига етган «Navruz Cup-2022» ўртоқлик турнирининг финалида Ўзбекистон Угандани мағлуб этиб, ғолиб бўлди. Ўйин Sport TV телеканалида жонли эфирда намойиш этилди.

Ўйиннинг 35-дақиқасида Жалолиддин Машарипов рақиб жамоасининг хатосидан фойдаланиб, ҳисобни очди. Угандаликлар томонидан Ўзбекистон дарвозаси томон тепилган ноаниқ бурчак тўпини Жалолиддин Машарипов ўзига бўйсундирди ва рақиб дарвозаси томон 2 ҳимоячига қарши кириб борди. Дарвозабон ҳимоячи билан тўқнашиб кетди, Машарипов эса гол урди.

Орадан 4 дақиқа ўтиб, иккинчи голга айни дамда Италиянинг Рома клубида ўйнаётган Элдор Шомуродов муаллифлик қилди. Биринчи бўлим 2:0 ҳисоби билан якунланди.

Иккинчи бўлимда угандаликлар ўзининг биринчи голини киритди. 52-дақиқада Фаруку Мия жарима майдончасига узатилган тўпни дарвозага жойлади (2:1).

55-дақиқада Элдор Шомуродов яна бир голга муаллифлик қилди. Жамоадошига узатган тўпи рақиб жарима майдончасида яна ўзига қайтиб келди ва дарвозадан жой олди. Ундан кейинги урилган 72-дақиқадаги гол ҳам Шомуродов ҳисобига ёзилди. Шу билан ҳужумчи мазкур ўйинда хет-трикка эришди (4:1). Бу унинг Ўзбекистон терма жамоаси сафидаги 28-голи бўлди.

78-дақиқада яна ҳисоб қисқарди. Уганда МТЖ аъзоси Эммануэл Окви узоқдан йўллаган зарба аниқ чиқди ва уни дарбозабон қайтара олмади (4:2). Асосий ўйинга 4 дақиқа қўшиб берилди. Бироқ унда бошқа ўзгаришлар кузатилмади. Шунинг билан Ўзбекистон «Navruz Cup-2022» ўртоқлик турнири совриндори бўлди.

Тожикистон эса Қирғиз Республикасини ютиб, «Navruz Cup-2022» мусобақасида 3-ўринни қўлга киритди.

Ўзбекистон МТЖ ярим финалда Қирғиз Республикасини маълуб этганди.

Маълумот учун, мазкур мусобақада 4 давлат жамоалари: Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Африкадан Уганда МТЖ ўйнади.

Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг ўйинларни Наманганда ўтказишидан сабаб ёзда июнь ойида Осиё кубоги саралаш босқичининг C гуруҳи ўйинлари айнан шу шаҳарда ўтади. Ўзбекистон унда Шри-Ланка, Таиланд ва Мальдив ороллари жамоаларига қарши марказлашган саралаш ўйинларини ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бу вақтгача ФИФА рейтингида 85-ўринда эди. Уганда эса Ўзбекистондан бир поғона юқорида, 84-ўринни эгаллаб турибди.