Ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманидаги «Катта Олмазор» маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларнинг фасад қисмидаги мозаикалар бўялаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу вазиятга Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, агентлик мутахассислари томонидан республикадаги маҳобатли безак санъатининг намуналарини сақлаб қолиш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси томонидан пойтахт бўйлаб ўрганиш ишлари натижасида 150 дан зиёд биноларнинг фасад қисмида тарихий-бадиий аҳамиятга эга мозаикалар аниқланган ва ҳозирда уларни давлат ҳимоясига олиш ишлари амалга оширилмоқда.

«Жумладан, Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашига Тошкент шаҳридаги кўп қаватли бинолардаги маҳобатли санъат асарларини маданий мерос обектлари сифатида белгилаш учун лойиҳалар киритилган бўлиб, олимлар томонидан ўрганилмоқда», — дейилади хабарда.

Мозаикалар маданий мерос объектлари рўйхатига киритилгач, Илмий-эксперт кенгаши хулосасига асосан, санъат асарларига етказилган зарар учун қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилади.