28 март куни бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишда ҳудудлар раҳбарларининг тадбиркор ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятини танқид қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда тегишли вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирок этди.

Мутасадди раҳбарлар тармоқлар ва ҳудудлар кесимида экспорт фаолиятининг бугунги ҳолати, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ва бу борада мавжуд муаммолар юзасидан ҳисобот берди.

«Тадбиркорлар ва экспортчилар муаммоларини ҳал қилишда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг сустлиги туфайли алоҳида раҳбарлар фаолияти қаттиқ танқид қилинди», — дейилади хабарда.

Фото: ИТСВ матбуот хизмати.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларининг туман ва шаҳарлари ҳокимларининг 31 нафар ўринбосари, шунингдек, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси каби тармоқ бирлашмалари раҳбарлари интизомий жавобгарликка тортилди.

Таъкидланишича, юқорида қайд этилган раҳбарларга экспортчилар билан вилоят, туман, шаҳар ва маҳаллалар даражасида манзилли ҳамкорликни фаоллаштириш вазифаси қўйилди. Экспортга йўналтирилган корхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, уларни ишлаб чиқариш ва экспорт фаолиятида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига корхоналарга бириктирилган ходимлар тегишли идоралар раҳбарлари билан бирга шахсан жавобгар эканлиги қайд этилди.

Шунингдек, мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтириш, янги истиқболли бозорларни кашф этиш ҳамда экспортга етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилиш учун янги захира ва имкониятларни аниқлаш ва сафарбар қилиш бўйича тизимли ишларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига берилган вазифалар ижроси Бош прокуратура томонидан назорат қилиниши айтилди.