Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған рафиқаси билан бирга Ўзбекистонга келди

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған рафиқаси билан бирга Тошкентга келди. Тошкент халқаро аэропортида уларни Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси кутиб олди. Туркия етакчиси Ўзбекистон президенти ҳамроҳлигида «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюрди.

Абдулазиз Камилов хорижда даволанмоқда — ТИВ

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг «ихтисослашган тиббий кўрикдан ўтиш ва тегишли муолажаларни олиш мақсадида» хорижда даволанаётгани хабар қилинди.

Бош прокуратура ишда вафот этган ходими учун 951 млн сўм нафақа пули тўлайди

2021 йилда Бош прокуратура ходими Самир Раҳмонов 33 ёшида юрак хуружидан вафот этганидан сўнг унинг отаси боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш мақсадида Бош прокуратурани судга берганди. Марҳумнинг отаси ҳам вафот этгани сабабли суд Самирнинг турмуш ўртоғи фойдасига Бош прокуратурадан 951,2 млн сўм бир йўла тўланадиган нафақа пули ва 20 млн сўм маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилди. Шунингдек, жавобгар 76,6 млн сўмлик давлат божини ҳам тўлайди.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи $40 миллиардга яқинлашди

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ҳажми 2021 йилда 16% га ошиб, 40 млрд долларга яқинлашди. Бу ЯИМнинг 57 фоизини ташкил этади. Хусусан, 2021 йилда давлат ташқи қарзи 11% га ошиб, 23,7 млрд долларга етган. Хусусий ташқи қарз 2021 йилнинг бошига нисбатан 24 фоизга ўсиб, 15,8 млрд долларни ташкил этган.

Марказий банк иқтисодиётга қарз юкининг ўсганлигини маълум қилди

Марказий банк таҳлиллари қарз юки бўйича Ўзбекистон молия тизимига таъсир кўрсатиши ва тизимли молиявий заифликларга олиб келиши мумкин бўлган бир қатор хатарлар мавжудлигини кўрсатди. Улар бир қарз олувчига тўғри келадиган кредит шартномалари сонининг ортиши, товар ва хизматларни муддатли тўлов асосида харид қилиш, муаммоли кредитлар ва бошқа омиллар билан боғлиқ.

Қизини айиқ қафасига ташлаб юборган аёлга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга юборилди

Прокуратура Тошкент ҳайвонот боғида қизини айиқ қафасига ташлаб юборган аёлга тегишли жиноят ишини унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашни ҳал қилиш учун судга юборди. Аёл «умрбод руҳий хасталик билан бетобланиб келган», шу боис у тергов ва судда тўғри кўрсатмалар бериш қобилиятига эга эмас, деб маълум қилди Бош прокуратура.

Талабани зўрлашга уринганликда айбланаётган ТДПУ собиқ декан ўринбосарининг иши судга оширилди

Прокуратура ТДПУ касбий таълим факультетининг собиқ декан ўринбосари Боғабек Юлдашевга нисбатан жиноят ишини судга юборди. Унга талабани зўрлашга уриниш ва баданга оғир шикаст етказиш айби қўйилган.

Март ойида ёғингарчилик одатдагидан 2−3 марта, баъзи жойларда 4,5 марта кўпроқ кузатилди

Ўзбекистонда март ойида ёғингарчилик одатдагидан 2−3 марта, баъзи жойларда 4,5 марта кўпроқ кузатилди. Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларининг айрим туманларида мартдаги ёғингарчилик бутун метеорологик кузатувлар бўйича рекорд даражада содир бўлди. Пойтахтда 186 ммлик ёғингарчилик қайд этилди, бу март ойининг 1969 йилдаги рекордини янгилади. Ўзгидромет апрель ойида кутилаётган об-ҳаво маълумотини ҳам эълон қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги: «Мозаикалар бўялаётгани йўқ, аксинча, янгиланмоқда»

Тошкент ҳокимлиги шаҳардаги мозаикали тасвирлар бўяб ташланмаётгани, аксинча, сақлаб қолиш учун махсус материал билан қопланмоқда. Ҳокимият шунингдек, ҳиссиётларга берилиб, Маҳаллий кенгашни жим туришда айблаган блогерни танқид қилди.

Кадастр агентлигига директор тайинланди

«Ўздонмаҳсулот» компанияси бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келган Фаррух Пулатов Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига директор этиб тайинланди.

Абдулазиз Исроилов Тошкент шаҳар ҳокимига ўринбосар бўлди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Муниципал активларни бошқариш маркази бош директори ўринбосари Абдулазиз Исроилов шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимига тасдиқланди. Унинг вазифалари доирасига шаҳарда сув тошқини ва ёғингарчилик билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ҳам киради.

Ўзбекистонликларга Тожикистонда рўйхатдан ўтмасдан юриш муддати узайтирилиши мумкин

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси ўзбекистонликларни рўйхатдан ўтмасдан мамлакатда бўлиш муддатини 10 кунгача узайтириш тўғрисида қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритишни қабул қилди.

Бош вазир ўринбосари тадбиркор ва экспортчиларни суст қўллаб-қувватлаётган раҳбарларни танқид қилди

Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков тадбиркор ва экспортчиларни суст қўллаб-қувватлаётган раҳбарларни танқид қилди. 12 та ҳудуддаги туман ва шаҳарлар ҳокимларининг 31 нафар ўринбосари, «Ўзтўқимачиликсаноат» ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаларининг тармоқ раҳбарлари интизомий жавобгарликка тортилди.

Россиянинг «Азимут» авиакомпанияси Ўзбекистонга парвоз қилиш учун рухсат олди

Россиянинг «Азимут» авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга оширишга рухсат олди. Парвозлар Sukhoi Superjet 100 самолётларида амалга оширилади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Тошкентда бўялаётган мозаикалар

Тошкентда кўп қаватли уйларда ака-ука Жарскийлар лойиҳалари асосида яратилган мозаикаларни йўқотишга уринишлар давом эттирилмоқда. Фурқат ва Бобур кўчаларини реконструкция қилиш жараёнида бир қанча уйлар бўяшга тайёрланган, бироқ жамоатчилик норозилигидан кейин ишлар тўхтатиб қўйилди.

Галина Саидова савдони либераллаштириш бўйича иқтисодчиларнинг фикрларига жавоб қайтарди

Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова иқтисодчилар Беҳзод Ҳошимов, Ботир Қобилов ва Отабек Бакировнинг Тошкент халқаро инвестиция форумидаги унинг нутқи юзасидан фикр-мулоҳазалари билдирилган «Газета.uz» материалига жавоб қайтарди. «Дарсликдаги нормалар ҳеч бир давлатда бевосита ишламайди: ривожланганларида ҳам, ривожланаётганларида ҳам», — дея қайд этади у.