Сирдарё вилоятиниг Сайхунобод тумани ҳудудида ДХХ, вилоят ИИБ ЖҚБ ва вилоят Божхона бошқармаси ходимлари иштирокида катта миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кетаётган автомобилни тўхтатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, 18 март куни давлат рақам белгиси ечиб қўйилган Lacetti автомашинаси ЙПХ ходимлари ёрдамида тўхтатилиш чоралари кўрилган вақтида, ушбу автомашина ҳайдовчиси ЙПХ ходимининг қонуний буйруғига бўйсунмаган. У йўл четида тўхтаб турган ЙПХ ходимларига бириктирилган Lacetti русумли хизмат автомашинасига шикаст етказган ҳолда ЙПХ маскани ёнида жойлашган пастликка тушиб тўхтаган.

Автомашинада бўлган шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган ва машина салони кўздан кечирилганда, кўп миқдордаги таркибида кучли таъсир қилувчи ҳамда гиёҳвандлик моддаси бўлган дори воситалари борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган. Дориларнинг миқдори қанча экани айтилмаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди. Тергов давом этмоқда.