Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов ва SymbioSwiss компанияси (Швейцария) компанияси ижрочи раиси Клод Бегле (Claude Béglé) учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Давлат экология қўмитаси ва SymbioSwiss компанияси ўртасида ҳамкорликни самарли йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ҳамкорлик жараёнида Швейцария компанияси арзон, сувни тозалашнинг энг янги технологияларини тақдим этиш бўйича ўз таклифларини берди.

Қайд этилишича, ушбу технологиялар электролиз орқали сувни 99,99% гача вируслардан, шу жумладан COVID-19, бактериялар ва бошқалардан тозалайди. Улардан фойдаланиш учун фақат сув, туз ва электр энергияси керак бўлади. Маҳсулот кимёвий ишловдан кўра арзонроқ ва экологик тозалиги билан муҳим аҳамиятга эга. Ускуналардан шифохоналар, мактаблар, болалар боғчалари ва меҳмонхоналар каби ижтимоий объектларда самарали фойдаланиш имконияти мавжуд.

Швейцария томони ушбу технологияларни жорий этиш учун 10 млн долларлик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳам ўз таклифини берди.

Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилиш имкониятларини белгиланган тартибда келгусида кўриб чиқишни қайд этди.

Шу билан бирга, тегишли вазирлик ва идоралари, хусусан, Инвестициялар ва ташқи савдо, Соғлиқни сақлаш, Инновацион ривожланиш, Сув хўжалиги ва бошқа вазирликлари билан ҳам ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.