Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова иқтисодчилар Беҳзод Ҳошимов, Ботир Қобилов ва Отабек Бакировнинг Тошкент халқаро инвестиция форумидаги унинг нутқи юзасидан фикр-мулоҳазалари билдирилган мақолага муносабатини «Газета.uz»га тақдим этди. Беҳзод Ҳошимов, хусусан, Галина Саидова томонидан савдони либераллаштириш учун тилга олинган рисклар «сунъий равишда ўйлаб топилган қийинчиликлар» эканини ёзган. Маслаҳатчи ўринбосари ўз материалини «Халқаро инвестиция форумидаги нутқ мазмуни ҳақидаги афсоналар ва ҳақиқат» деб номлади. «Газета.uz» кичик қисқартиришлар билан мақолани эълон қилади.

Эслатиб ўтамиз, Галина Саидованинг нутқи (видео) «Савдони либераллаштириш ва иқтисодий интеграция» деб номланган панель муҳокамасида модераторнинг саволига жавоб бўлди. Савол шундай эди: «Биз [ушбу форумда] ислоҳотларнинг тез суръатлари ва савдони тезроқ эркинлаштириш зарурлиги ҳақида эшитдик. Ислоҳотларнинг жадал суръатлари қандай хавф-хатарларга олиб келиши мумкин ўйлайсиз? Шу билан бирга сўрамоқчиман, агар ислоҳотлар тезроқ амалга оширилмаса, у қанчага тушади?».

Галина Саидова: Халқаро инвестиция форумидаги нутқ мазмуни ҳақидаги афсоналар ва ҳақиқат

Ҳурматли таҳририят!

Тошкент халқаро инвестиция форумининг панель сессияларидан биридаги нутқим нашрингиз ўқувчилари ва иқтисодчилари (таҳририят эслатмаси: улар нашрнинг иқтисодчиси эмас, уларнинг фикрлари ўз блогларида эълон қилинган) орасида кенг муҳокамага сабаб бўлди, эҳтимол бу модератор томонидан берилган саволларнинг долзарблиги билан боғлиқдир.

Протекционизмга қарши кураш ва ташқи савдони либераллаштириш бозор иқтисодиёти тамойилларидан биридир. Унинг ижобий таъсири макроиқтисодиёт бўйича ҳар қандай дарсликда батафсил ёритилган ва форумда иштирок этган профессионал аудитория учун такрорий тезислар сифатида қизиқ бўлиши қийин.

Бироқ, ҳозирги халқаро ташқи савдо алоқаларини юзаки таҳлил қилиш ҳам шуни кўрсатадики, дарсликдаги нормалар ҳеч бир давлатда бевосита ишламайди: ривожланганларида ҳам, ривожланаётганларида ҳам. Объектив ва субъектив сабабларга кўра юзага келадиган кўплаб қўлланиладиган протекционистик чоралар ва протекционистик урушлар уларнинг манбаларини тушуниш, уларни бартараф этадиган ёки ҳеч бўлмаганда юмшатишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қўллаш учун доимий таҳлилни, пухта ўйланган ва пропагандага асосланмаган ёндашувни талаб қилади.

Форумдаги тақдимотимнинг тақризчилари, афсуски, муҳокама давомида бевосита иштирок этиш ва менга савол бериш имконига эга бўлмаганлар, нафақат мен билдирган, балки улар томонидан ўйлаб топилган ғоялар билан сиртдан «курашиш»га қарор қилишди. Бу ёзишмалар муҳокамасида улар ё айтганларимни такрорлашди ёки форумда оғзимдан чиқмаган нарсани бевосита ёки билвосита менга боғлашгани жуда ғалати.

1. «Беҳзод Ҳошимов Галина Саидованинг сўзларидан Ўзбекистон ташқи савдосини либераллаштириш келажакда режалаштирилмаган деган хулосага келди».

Бу хулоса мутлақо ҳақиқатдан йироқ. Бу мен айтган биронта сўздан келиб чиқмайди. Аксинча, ташқи савдони либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг ижобийлигини, ижобий деб таъкидладим, уни либераллаштириш бўйича кейинги йилларда мамлакатимиз ҳукумати томонидан амалга оширилган энг муҳим тизимли чора-тадбирларни келтирдим, уларни олинган миқдор кўрсаткичлари, мамлакат ташқи савдоси ҳажмининг жадал ўсиши (1,7 баробар, жумладан, импорт — 2 баробар, экспорт — 1,4), ўртача божхона тарифлари ставкасини 2 бараварга пасайтириш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг икки баравар кўпайиши билан тасдиқладим.

Форумдаги тақдимотимнинг кейинги тезислари ҳукуматга ушбу соҳада бошланган ислоҳотларни давом эттириш имконини берувчи чора-тадбирларни белгилашга қаратилган бўлиб, бу нутқни тинглаган ёки ҳеч бўлмаганда унинг тақдимотини диққат билан ўқиб чиққанларга тўлиқ тушунарли бўлди.

2. «Айтилган „рисклар“ савдони эркинлаштирмаслик учун сунъий ўйлаб топилган қийинчиликлар. Улар мавжуд эмас», — деб ёзди Беҳзод Ҳошимов.

Биринчидан, модератор томонидан либерализация рисклари ҳақида савол берилди, менимча, у «сунъий» деб назарда тутмади. Ва мен жавоб беришим керак эди. Иккинчидан, балки бу саволни Б.Ҳошимовга беришса, «улар йўқ», деб айтиши мумкин эди.

Бироқ, кўпчилик дунёнинг исталган мамлакати учун масала савдони либераллаштириш риски йўқлигида эмас, балки товарлар ва хизматларнинг давлатлар ўртасида эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслик учун уларни қандай қилиб тўғри тушуниш, баҳолаш ва нейтраллаштиришда эканлигига қўшилади.

Либераллаштириш жараёнида ҳал этишимиз керак бўлган муаммо ва вазифалар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларимни панель иштирокчилари билан ўртоқлашар эканман, айнан шу позицияга амал қилдим. Қолаверса, мен бу муаммоларни мамлакат қандай ҳал қилаётганини ва ҳал этмоқчилигини айтдим.

3. «Иш ўринларини яратишни рисклардан бири деб айтиш, албатта хато. Иш жойлари яратилиши, бу — эркин савдога қарама-қарши эмас — айнан тескариси» (Б.Ҳошимов).

Мана бу ерга келганда эса баҳслашиш мумкин. Ва бу фақатгина менинг ҳурматли рақибим билан шахсий тортишувим эмас. Бу муаммо янги эмас ва дунёнинг деярли барча мамлакатлари унинг ечими устида ишламоқда: ташқи савдони (биринчи навбатда импорт) эркинлаштиришни янги маҳаллий ишлаб чиқаришни (биринчи босқичда импорт билан рақобат қилиш қийин бўлган) яратиш қийинлиги билан қандай умумлаштириш керак. Баҳслашмайман, ҳар хил ёндашувлар мавжуд.

Ушбу муаммонинг энг ёмон ечими импортга қарши қаттиқ протекционистик чоралар ҳисобланади. Дарҳақиқат, бу йўл боши берк кўчага олиб боришини нафақат жаҳон, балки ўтган йиллардаги ички амалиёт ҳам кўрсатди. Бу жуда қисқа вақт ичида ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Аммо ушбу ҳаммага маълум тезисни тушуниш муаммони ва уни тўғри ҳал қилиш бўйича бизнинг вазифаларимизни олиб ташламайди.

Протекционизм бу — ёмон деб кўп айтиш мумкин (ва мен бу позицияни баҳам кўраман), лекин энг муҳими: «Буни ҳал қилиш учун маълум бир мамлакатда, ривожланишнинг маълум бир босқичида ушбу муаммони ҳал қилиш учун нима қилиш керак?».

Агар биз йирик тадбиркорлар билан эмас, балки ўрта ва кичик тадбиркорлар билан гаплашадиган бўлсак, уларнинг кўпчилиги импорт томонидан кучли босимни бошдан кечирмоқда, айниқса, улар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда бўлмаган имтиёзларга эга бўлсалар. Бундай ҳолларда тенг бўлмаган рақобат шароитлари яратилади. Ва кейин маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳукуматдан импорт бўйича имтиёзларни (ёки божхона тўловларини камайтиришни) бекор қилишни сўрашади. Бу — кабинетдаги эмас, балки ҳақиқий, ҳаётий муаммо бўлиб, уни маълум бозор ҳақиқатларига мурожаат қилиб, рад этиб бўлмайди.

Истеъмолчиларнинг бошқа мурожаатлари ҳам бор — ички бозорда етарли бўлмаган ҳаётий муҳим товарлар ёки монополист ишлаб чиқарувчиларнинг товарлари (масалан, автомобиллар) учун божхона тўловларини бекор қилиш, чунки бу истеъмолчилар манфаатларига зарар етказади. Бу фикрга қўшилмаслик ҳам қийин.

Ҳукумат ушбу мурожаатларни синчиклаб кўриб чиқади ва тегишли тизимли қарорлар қабул қилади. Аммо бир-бирига қарама-қарши бўлган мурожаатларнинг ўзи ва кўп сонли муаммолар ҳақиқатдан ҳам муаммолар мавжудлигидан, жамиятнинг турли гуруҳлари ва бутун мамлакатнинг объектив манфаатларини эътиборсиз қолдириб, бунинг иложи йўқлигидан далолат беради.

Стратегик нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг вазифаси ички ва ташқи бозорга чиқа оладиган, ички ва хорижий истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини қондирадиган рақобатбардош (нарх ва сифат жиҳатидан) ишлаб чиқарувчиларни яратишдан иборат. Бунга эса савдони либераллаштиришсиз эришиб бўлмайди. Аммо тўғри стратегия ортида ушбу стратегияни амалга оширишнинг самарали механизмлари ва воситалари бўлиши керак. Худди шу воситалар ҳақида форумда муҳокама қилинган.

Бу, биринчи навбатда, экспорт учун арзон хомашё сотиш ўрнига маҳаллий хомашёни тайёр маҳсулотгача, шу жумладан экспортга қадар чуқур қайта ишлаш стратегиясига тааллуқлидир.

Бу бизнинг инвесторларга, жумладан, хорижий инвесторларга сигналимиз ҳисобланади: мамлакатимизга келинг, бизда минерал ва қишлоқ хўжалиги хомашёси бор, уларни чуқур қайта ишлашга сармоянгизни фойдали тарзда инвестиция қилишингиз мумкин. Масалан, пахтани экспорт қилишдан бош тортиб, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари фойдасига экспорт ҳажмини 3 баробарга оширганимиз, ўн минглаб иш ўринлари яратганимиз мисол келтирилди.

Мис, газ, чарм, ипак ва бошқа турдаги хомашёни қайта ишлашда ҳам шундай қилишимиз керак. Бу билан жиддий иқтисодчи ва амалиётчиларнинг бирортаси баҳслашиши қийин.

4. «Савдони эркинлаштирмаслигимиз Ўзбекистонни халқаро занжирларга киришини ва инвестициялар жалб қилишини қийинлаштиради» (Б.Хошимов).

Менимча, бу тўғри тезис ва шунинг учун мен форумда айнан шу ҳақда гапирган эдим. Аниқроғи, Ўзбекистон ташқи савдони эркинлаштириш ва янги иш ўринлари яратиш муаммосини ҳал қилувчи воситалардан бири сифатида халқаро занжирларга кириши мумкин. Наҳотки, ҳурматли рақиб нутқни шунчалик эътиборсиз ўқиганки (тинглаган), буни сезмаган?

5. «Логистика қиммат бўлгани учун, савдони бунинг устига янада эрксиз қилиш — икки карра мантиқсиз».

Тўғри! Аммо бу ерда рақибим яна ўзи ўйлаб топган, Саидова савдони эркинлаштирмасликни таклиф қилди деган афсона билан курашмоқда. Менинг бирон гапимда ҳам, сўзимда ҳам бундан дейилмаган. Бутун нутқ савдонинг янада эркинлигини таъминлаш механизмларини топишга ва уни либераллаштириш учун объектив хатарларни енгиб ўтишга (қарши эмас) қаратилган эди.

Айтганча, маҳаллий ва хорижий инвесторларни ташвишга солаётган логистика муаммоларини бартараф этиш учун биз муқобил логистика коридорларини доимий равишда излаш бўйича ўз олдимизга қўйган вазифалар, шунингдек, нисбатан қисқа логистика тармоғи билан минтақавий савдони кенгайтириш ҳақида гапирган эдик.

6. «Савдодаги негатив тўлов баланси — бу табиийки мусбат инвестицион баланснинг ҳосиласи».

Бу иқтибосда келтирилган иқтисодий атамаларнинг нотўғрилигини айтолмайман — ахир, бу илмий журнал эмас, публицистик мақола. Айтмоқчиманки, бу ерда рақиб яна тушунарсиз нарса билан курашмоқда, чунки мен айнан шу ҳақда нутқимда гапирган эдим.

Хусусан, тўлов балансидаги салбий ташқи савдо баланси Ўзбекистонга жадал ўсиб бораётган хорижий инвестициялар оқими ва меҳнат мигрантларидан пул тушумлари ҳисобидан қопланади.

Шу билан бирга, мен ечим воситаларини ҳам келтирдим, жумладан, арзон хомашёни экспорт қилиш ва қимматроқ тайёр маҳсулотларни импорт қилиш стратегиясидан (камбағал ривожланаётган мамлакатлар томонидан қўлланиладиган) нисбатан арзон импорт қилиш (ривожланган мамлакатлар томонидан қўлланиладиган) стратегиясига босқичма-босқич ўтиш — нисбатан арзон хомашё ва ярим тайёр маҳсулотларни импорт қилиш ва кейинчалик уларни маҳаллий корхоналарда қайта ишлаш ва ундан қимматроқ тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш. Бу ташқи савдо балансининг барқарорлигига хизмат қилади.

7. «ЖСТга кирмаслигимизга сабаб қилиб сиёсатни кўрсатиш, ҳақиқатдан узоқроқ».

Ва яна ёлғон! Мен ЖСТга киришга қарши биронта иқтибос айтмадим. Биз бу масалалар устида жадал ишлаяпмиз. Форумдаги муҳокама биз бир вақтнинг ўзида ҳам ЖСТ, ҳам ЕОИИ билан ишлашимиз кераклиги ҳақида бўлди. Бу эса объектив (ҳатто техник жиҳатдан) ҳам глобал, ҳам минтақавий интеграцияни малакали амалга оширишимиз учун ваколатли органларнинг нозик ишини талаб қилади. Бу масалалар билан ҳар куни шуғулланаётган вазирлик ва идораларимиз мутахассислари гап нима ҳақида кетаётганини яхши билишади.

Ва, албатта, мавжуд муаммоларни қанчалик тез ҳал қилсак, мамлакат ташқи савдосини либераллаштириш учун шунчалик яхши бўлади.

Мен яна икки рақибим Ботир Қобиловнинг «коммунистик партия кассетаси», шунингдек, Отабек Бакировнинг «собиқ госпланчиларнинг дунёқараши тўғрисидаги» гаплар билан ташланишларига, масалани пропагандистик тарзда эмас, балки мазмунли муҳокама қилишга уриниш ҳам йўқлиги сабабли жавоб беришни ўзим учун жиддий деб ҳисобламайман. Мен бу мутахассислар билан ҳеч қачон учрашмаганман, лекин улар билан Ўзбекистон иқтисодиётини моҳиятан ривожлантиришнинг ҳар қандай масалаларини шахсан муҳокама қилишга тайёрман.