Харьковдаги «Наврўз» ўзбек ошхонаси ресторани эгаси, шаҳардаги ўзбек диаспораси раҳбари Шаҳобиддин Юсупов уруш бошланганидан бери шаҳар аҳолиси учун бепул овқат тайёрлайди. Бу ҳақдаги репортаж «Настоящее время» томонидан эълон қилинди. «Газета.uz» ресторан бошқарувчиси Мейдан Мухамедьяров билан суҳбатлашди.


Шаҳобиддин Юсупов. «Настоящее время» репортажидан лавҳа.

Ижтимоий тармоқларда орқа фонида «Навруз Отель» баннери илинган бино жойлашган яксон қилинган иккита Россия ҳарбий техникаси суратлари тарқалганидан сўнг «Наврўз» ресторани ва унинг эгаси ҳикояси машҳур бўлди.


Фото: «Настоящее время» репортажидан лавҳа.

Ресторатор Шаҳобиддин Юсупов Украинада 25 йилдан бери яшайди ва ҳарбий можарога қарамасдан, мамлакатни тарк этмоқчи эмас. Мейдан Мухамедьяровнинг сўзларига кўра, ресторан эгаси Қирғизистонда туғилган.

«Нега мен бу ерга ўрнашдим? Мен Томскда ўқидим, Пермда ишладим, Москвада ишладим, — дейди Шаҳобиддин Юсупов «Настоящее время»га берган интервьюсида. — Лекин бу ерга биринчи маротаба келганимда, уч кунда шаҳарни севиб қолдим… Бу ерда 80% одамлар рус тилида сўзлашади. […] Мен овқат пишира оламан, шунинг учун ҳаммани овқатлантириш имкониятим бор. Қанча беради, қанча етади — фақат Оллоҳ билади. Харьков нима учун енгилмаяпти? Чунки ҳамма қўлидан келгани билан ёрдам бераяпти. Биз ҳар доим овқат тайёрлардик. Шунинг учун шундай қарор қилдик».

«Харьков биз учун иккинчи ватан бўлди. Ўз вақтида бизни бу ерда қарши олган, яхши қабул қилган одамларнинг ҳаққини узиш керак. Шунинг учун биз харьковликларга оғир вақтларда ёрдам бериш учун қолишга ҳаракат қилдик», — деди Мейдан Мухамедьяров. Унинг ўзи Туркманистонда туғилган.

Мейдан Мухамедьяровнинг айтишича, Шаҳобиддин Юсупов «Наврўз»дан ташқари яна бир ресторанга эгалик қилади. «Наврўз» қошида мини-отель ҳам бор эди, лекин у ҳозир ишламаяпти. Мазкур ресторан Тарас Шевченко кўчасида жойлашган бўлса, иккинчиси Динамовск кўчасида. У ҳозир ишламаяпти.


Мейдан Мухамедьяров. Фото: Facebook.

Мейдан Мухамедьяровнинг сўзларига кўра, бугун «Наврўз»да деярли ходимлар қолмаган. Унинг ўзи ва турмуш ўртоғи, шунингдек Шаҳобиддин Юсуповнинг қариндошлари ишлаяпти, холос.

Жамоа ҳар куни соат 6 да уйғониб, тушлик тайёрлашни бошлашади. Одамлар кун ярмида келиб, овқат олишади. Кейин эса ишчилар яна тайёргарликни бошлашади.

«Иш етарлича. Ҳаммага ёрдам беряпмиз, кимга керак бўлса — етказиб беряпмиз. Кечки соат 6 гача ишлаяпмиз, кейин эса бизда комендантлик соати бошланади».

Хайрия менюсидан ўзбек ошхонасининг анъанавий таомлари жой олган: палов, мастава, шўрва, шунингдек, дала бўтқаси.

«Биласиз, бошқа таомлар кўп вақт ва масаллиқларни талаб қилади, ҳозир ҳамма нарсани ҳам топа олмаймиз. Лекин, умуман олганда, магазинларда барча маҳсулотлар бор, танқислик бўлмаяпти. Барчасини ўзимиз харид қиламиз, давлат эса бизга логистика билан ёрдам беряпти, сув ва электр энергияси билан таъминлаяпти — бу қиммат туради. Ҳозирги вақтда биз қандайдир молиявий кўмакка муҳтож эмасмиз», — дейди Мейдан Мухамедьяров.

У шаҳар бўйлаб барча коммунал хизматлар ишлаётганини қўшимча қилди. «Кўчага чиқиб хурсанд бўласан — шундай катта шаҳар яшашда давом этмоқда. Бу вазият барчамизни бирлаштирди, ҳамма бир-бирига ёрдам беряпти».

Кунига 600−800 порция овқат тайёрланади. Касалхоналар ва ҳудудий мудофаа қўшинларига ҳам овқат юборилади. «Ҳар куни 300 дан ортиқ одам келади: кўплаб қариялар, ёлғиз одамлар, кимдир ўзи билан келиш имконияти йўқ бўлган ногирон қариндошлари учун қўшимча порция олиб кетади» — дея таъкидлайди ресторан бошқарувчиси.

«Ресторан яқинида тез-тез ўқ ва портлаш овозлари эшитилиб туради, бу ерда ҳамма жойда ҳарбий ҳаракатлар, лекин катта таҳдид бўладиган бўлса, бизнинг яширинадиган жойимиз бор. Умуман олганда, ҳозир энг хавфсиз жой, бу — метро», — дея ҳикоя қилади ресторан бошқарувчиси.

«Ҳозир фақат битта режамиз бор — тезроқ ғалабани нишонлаш», — дея қўшимча қилди Мейдан Мухамедьяров.