2021 йилда йилда 19 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилган. Бу ҳақда «Газета.uz»га Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров маълум қилди.

Бундан ташқари, ўтган йили вилоят ва унга тенглаштирилган судлар фаолияти давомида камчиликка йўл қўйган 220 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилган.

2022 йилнинг биринчи чорагида эса 22 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилган бўлса, интизомий жавобгарликка тортилганлар 80 нафарни ташкил этди.

Шунингдек, 2021 йилда ваколат муддати тугаган 12 нафар судья навбатдаги муддатга нолойиқ деб топилган, 2022 йилнинг биринчи чорагида бу миқдор 4 нафарга етган.

Бундан ташқари, судьялар олий мактабида ўтган йилда 73 нафар судьяликка номзод касбга тайёрланиб, шундан 62 нафари илк бор судьялик лавозимини эгаллади.

Қолаверса, 2021 йилда одил судловга аралашиш билан боғлиқ 4 та ҳолат бўйича хизмат текширувлари ўтказилиб, аниқланган ҳолатлар бўйича Судьялар олий кенгаши раиси Бош прокурорга ўз вақтида тақдимномалар киритган. Натижада айбдор шахсларга нисбатан 2 та жиноят иши ва 2 та маъмурий иш қўзғатилган.

«2022 йил биринчи чорагида судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашиш бўйича ҳолат қайд этилмади. Бироқ судьялар дахлсизлигига таъсир ўтказиши эҳтимоли юз берган ҳолатлар бўйича Кенгаш матбуот хизмати томонидан 3 марта баёнот берилиб, воқеликка муносабат билдирилди», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, кенгаш томонидан 2021 йилда судьяларни тайинлаш, вакант лавозимларни тўлдириш бўйича очиқ ва ошкора ўтказилган танловлар натижасида 460 нафар судьялик (умумий номзодларнинг 70,4 фоизи) лавозимига тайинланган. Ҳозирда республика бўйича судьялик лавозимида ишлаётган судьялар сони 1292 нафарни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, World Justice Project ташкилоти 2021 йилги Ҳуқуқ устуворлиги индекси натижаларини эълон қилди. Тадқиқотлар COVID-19 пандемияси сабаб 74,2 фоиз мамлакатда ҳуқуқ устуворлиги кўрсаткичлари пасайганини кўрсатмоқда. Ўзбекистонга берилган баҳолар эса 4,1 фоизга ошди, натижада 139 та давлат орасида 85 ўринни эгаллади.