Президентнинг 25 мартдаги қарори [180-сон] билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — «Инсон ҳуқуқлари уйи» ташкил этилди. Бу ҳақда Huquqiy axborot Telegram канали хабар берди.

Қарор билан, марказга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-ҳуқуқий базани тизимлаштириш, ўқув, илмий-услубий ва оммабоп нашрлар ҳамда халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари доимий чоп этилишини таъминлаш;
  • инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид ислоҳотларнинг хронологиясини юритиш, фуқаролар ва илмий тадқиқотчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратиш.

Маълумот учун, президентнинг «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори [4056-сон] билан ушбу Марказ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи этиб белгиланган.

Шунингдек, марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга ошириши белгиланган.