Korzinka супермаркетлар тармоғи асосчиси ва инвестор Зафар Ҳошимов биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ўтказилиши ҳақида фикр билдирар экан, Ўзбекистон ноёб иқтисодий имкониятни қўлдан бой бермаслиги кераклигини таъкидлади.

У инвестиция форумини ўтказиш арафасида дунё қанчалик ўзгаришини, тадбир қанчалик долзарб бўлишини ҳеч ким тасаввур ҳам қила олмаганига ишонч билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу бутун дунё молиявий доиралари ва институтлари томонидан форум ишига бўлган алоҳида қизиқишни ва умуман унинг аҳамиятини англатади.

«Мамлакат президентининг форум ишида нафақат кириш нутқини сўзлаши, балки етакчи минтақавий ва халқаро молия-савдо институтлари раҳбарлари билан биргаликда ялпи мажлисда тўлақонли маърузачи сифатида иштирок этиб, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш йўллари ҳамда истиқболларини муҳокама қилиши ушбу тадбирга алоҳида мақом ва кучли туртки берди», — деб ёзади у.

Зафар Ҳошимовнинг таъкидлашича, бу жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистоннинг ислоҳотлар йўлидан, иқтисодиётни либераллаштириш ва мамлакатни халқаро иқтисодий муносабатлар ва ишлаб чиқариш занжирларига интеграциялашув йўлидан «дадил ва қатъий» бораётганидан, «мамлакатнинг жаҳон савдоси ва меҳнат тақсимотининг тенг ҳуқуқли иштирокчиси бўлишга интилиши»нинг ёрқин мисоли бўлди.

Унинг фикрича, Ўзбекистон энди минтақавий саноат ва тижорат ҳабига айланиш учун ноёб имкониятга эга.

«Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар, ишлаб чиқаришни тўхтатиш ва ўнлаб, балки юзлаб йирик инвестиция-саноат гуруҳлари ва трансмиллий корпорацияларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши нафақат Россиянинг ўзида, балки бутун субконтинентда ўзига хос молиявий ва саноат бўшлиғини келтириб чиқармоқда», — дея айтиб ўтди у.

Тадбиркорнинг аниқлик киритишича, кўплаб йирик корпорация ва институтлар Россияни ҳудудининг ҳажми ва ресурс имкониятлари туфайли Россияни форпрост ва маҳсулотларни кейинчалик бутун МДҲ бўйлаб ёйиш ва тарқатиш учун ишлаб чиқариш базаси сифатида кўришган.

«Украинадаги жанговар ҳаракатлар зудлик билан тўхтаса ва Ғарб давлатлари аввал эълон қилинган барча санкцияларни тезда бекор қилишга қарор қилса ҳам, бугунги кунда Россияда катта зарарлар, узилишлар ва йўқотишларга учраган халқаро бизнес узоқ вақт давомида у ерга қайтишга тайёр бўлмайди. Кейинги ўнлаб йиллар давомида Россияда узоқ муддатли сармоялар ва ривожланиш ҳақида ҳеч қандай гап бўлмайди. Мамлакатнинг риск индекси узоқ вақт давомида халқаро бизнес учун қабул қилиб бўлмас даражада қолади», — дея тушунтирди у.

Зафар Ҳошимов «узоқ вақт давомида иқтисодий маънода озми-кўпми Россияга иқтисодий жиҳатдан бўйсуниб келган Марказий Осиё минтақаси ва унинг бозори» билан нима қилиш кераклиги ҳақида айтиб ўтди.

«Ушбу субконтинентнинг бозори, агар бир бутун сифатида қаралса, қўшни ҳудудлар билан (Афғонистон, Шимолий Эрон ҳамда Покистон ва бошқалар) 100−150 млн кишига эга. Айниқса, бу Россия бозорининг йўқолишини ҳисобга олган ҳолда, харитадан ўчириб ташлаш учун жуда катта бозор», — деди у.

Тадбиркорнинг айтишича, ҳозир жаҳон иқтисодиёти учун ушбу бозорни ўзига интеграциялаш, халқаро ишлаб чиқарувчилар учун эса бу ерда кучли ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва минтақадаги маҳаллий эҳтиёжларни қондириш учун таъминот занжирларини йўлга қўйиш биринчи ўринда туради.

«35 млн аҳолига эга Ўзбекистон ҳам географик, ҳам демографик жиҳатдан бу бозорнинг марказида жойлашган. Мамлакатимизда барқарор сиёсий тизим ва ривожланаётган иқтисодиёт мавжуд. Аммо буларнинг барчаси, афсуски, етарли эмас. Биз ҳалигача ўнлаб йиллик изоляция, протекционизм, сиёсий авторитаризм, репрессия, коррупция ва қонунсизликни хотирадан ўчириб ташлаганимиз йўқ», — деди Зафар Ҳошимов.

Korzinka асосчисининг фикрича, беш йил аввал бошланган ислоҳотлар мамлакат имижини сезиларли даражада яхшилади ва уни дунёга қайта очди, Ўзбекистон болалар ва мажбурий меҳнатнинг барча шакллари қўлланиладиган давлатлар рўйхатидан чиқариб ташланди.

Бундан ташқари, давлатнинг бизнесга муносабати тубдан ўзгаргани туфайли мамлакатда тадбиркорлар синфи жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. Шунингдек, тадбиркор валюта бозори либераллаштирилгани, солиқ ислоҳоти, бир қатор товарларга божхона тўловлари камайтирилгани ва бекор қилингани, яшаш жойини рўйхатдан ўтказиш бўйича чекловлар бекор қилингани, 90 та давлат билан визасиз режим жорий этилгани, иқтисодий статистика янада ишончли ва шаффоф бўлгани ҳамда «ўзини оқлаётган» матбуот эркинлигини таъкидлаб ўтди.

«Даъволаримизни кўриб чиқсак, Ўзбекистоннинг Россия кучлироқ таъсирга эга бўлган ЕОИИда иштирок этмаслиги, шунингдек, бетараф мақомимиз ва ҳарбий блокларда иштирок этмаслигимиз — минтақада биз учун катта устунлик яратади. Аммо даъво жуда юқори ва мамлакатнинг келажаги, иқтисодий-ижтимоий ҳаёти қил устида турибди ва биз 90-йилларнинг бошларида бўлгани каби, бундай имконият яна қўлимиздан чиқиб кетишига йўл қўймаслигимиз керак», — деди у.

Зафар Ҳошимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳозир бор кучи билан «байроқчани ҳилпиратиши» ва «бор овозда» биз шу ердамиз ва уларни қабул қилишга тайёрмиз, деб жар солиши керак.

У ўзининг бир қатор таклифларини илгари сурди:

  • ички бозорни ва ташқи савдони янада эркинлаштириш бўйича қатъий чоралар кўриш ҳамда буни баралла эълон қилиш;
  • савдодаги тарифларнинг (божлар, акцизлар) кўпчилигини ва нотариф чекловларини қатъий камайтириш, сертификатлаштиришни соддалаштириш, халқаро сертификатларни Ўзбекистонда тан олиш ва ҳоказолар;
  • минтақада юзага келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ЖСТдан Ўзбекистоннинг ташкилотга кириши ҳақидаги аризани зудлик билан кўриб чиқишни талаб қилиш;
  • хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, уларни шаффоф ва ошкора тарзда ўтказиш;
  • банк секторидаги ислоҳотларни жадаллаштириш;
  • маъмурий ислоҳотларни фаол давом эттириш;
  • хусусийлаштириш мумкин бўлган ҳолларда транспорт-логистика тармоқларини, шу жумладан ҳаво ва темир йўл транспортини монополиядан чиқариш;
  • мавжуд тармоқ ва индивидуал имтиёзларни бекор қилиш;
  • мамлакатда ўз суд органларига эга бўлган, масалан инглиз ҳуқуқи амал қиладиган махсус юридик ҳудудни яратиш. Халқаро компаниялар ўзларига таниш юридик муҳитда ишлаш қулайлигини ҳисобга олган ҳолда, у ерда рўйхатдан ўтади ва ўз операцияларини амалга оширади.

«Рўйхатни давом эттириш мумкин. Қисқа вақт ичида ушбу пойгада биринчи рақамли номзод бўлиш учун ҳамма нарсани қилиш керак», — деди у.

Зафар Ҳошимовнинг қайд этишича, форум давомида Ўзбекистонда Twitter ижтимоий тармоғининг чекланиши «нуфузли хорижий ҳамкорларнинг ўнлаб ҳайратланарли сўзлари»га сабаб бўлган ва улар Ўзбекистон ҳамда форум ҳақида дунёга гапира олмаётганликларидан шикоят қилишган.

«Энг муҳими, биз энди „хавф ва таҳдид сотувчилари“ бизни яна қўрқитишига ва ўтмишга олиб боришига йўл қўя олмаймиз. Бир ҳовуч монополиялар манфаатларини ҳимоя қилиш учун келажакдаги ривожланишни қайтадан қурбон қилмаслик керак. Жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув, сармоя ва технологияларни жалб қилиш, мамлакатнинг XXI асрга ҳал қилувчи қадам ташлаши ҳеч қачон ҳозиргидек реал ва эришиш мумкин бўлмаган», — деб ҳисоблайди тадбиркор.

Korzinka асосчиси Россиядан чиқиб кетадиган барча корхоналарни қабул қилишга тайёрлигини эълон қилган Туркия бу пойгага аллақачон қўшилганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда ҳам ушбу мавзу бўйича муҳокама бошланган ва фаоллашмоқда.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, буларнинг барчаси Россиядан кўчиб келаётган оқимни жалб қилиш учун мамлакатларнинг маркетинг коммуникацияларидир.

«Мамлакатнинг очиқлиги ва тайёрлиги, бозор иқтисодиёти ва қонун устуворлиги қадриятларига содиқлиги бу пойгада ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бундан ташқари, бизда инкор этиб бўлмайдиган устунлик ва ҳақиқий имконият бор, уни қўлдан бой бермаслик муҳимдир», — деди у.