Туркия президенти 29−30 март кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған 29−30 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.

«Адолат» партияси вакили «Очиқ бюджет» порталида маблағ ажратишга овоз бериш жараёнини «тиланчилик» деб атади

«Адолат» партияси вакили Гулнисо Саидова «Очиқ бюджет» порталида фуқаролар муаммолар ечими бўйича ташаббусларни таклиф этиб, бунга овоз тўплаш жараёнини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, «бу ўзларига қадрдон бўлган ташкилот, мактаб, боғча ва ҳоказоларга давлатнинг маблағ ажратилиши учун тиланчиликдир». Сўнгги уч ойнинг ўзида платформада 69,7 минг ташаббусга 5,9 млнта овоз берилган.

2021 йилда 19 нафар судья ишдан олинган, 220 нафари эса интизомий жазога тортилган

Судьялар олий кенгаши 2021 йилда 19 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилгани, яна 220 нафар судья камчиликларга йўл қўйгани учун интизомий жавобгарликка тортилганини маълум қилди. 2022 йилнинг биринчи чорагида эса, 22 нафар судья ишдан олинган, 80 нафарига эса интизомий чора қўлланилган.

Каттақўрғон шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими ходими пора билан ушланди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими катта мутахассиси фуқарога уй олиш учун субсидия ажратиб бериш эвазига 1200 доллар пора олганликда гумон қилинмоқда. Тезкор тадбир давомида унинг ёнидан «марихуанна» ва уни истеъмол қилиш учун мўлжалланган мослама ҳам топилгани айтилмоқда.

Сурхондарёда тадбиркор 220 минг доллар кредит маблағини ўзлаштирганликда гумонланмоқда

Музработ туманида корхона раҳбари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда айланма маблағини тўлдириш учун ажратилган 220 минг доллар кредит маблағини ўзлаштирда гумон қилинмоқда. Унинг асл баҳоси 737,8 млн сўм бўлган бино нархини сунъий равишда ошириб, уни 2,5 млрд сўмга гаров таъминоти сифатида қўйгани ҳам аниқланди.

«Ўзбекистон учун ноёб иқтисодий имкониятни бой бермаслигимиз керак» — Зафар Ҳошимов

Йирик компаниялар Россияни тарк этиши фонида Ўзбекистон минтақавий саноат ва тижорат ҳабига айланиш учун ноёб имкониятга эга, деб ҳисоблайди тадбиркор Зафар Ҳошимов. «„Хавф ва таҳдид сотувчилари“ бизни яна қўрқитишига ва ўтмишга қайтаришига йўл қўймаслигимиз керак», — деди у.

Тошкент халқаро инвестиция форумида $7,8 млрдлик шартнома ва битимлар имзоланди

Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз якунига етди, унинг доирасида 7,8 млрд долларлик аниқ шартномалар ва инвестициявий битимлар пакети имзоланди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг маълум қилишича, қиймати 3,5 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга ҳам эришилган.

Жаҳон банки Ўзбекистонга солиқ ислоҳоти учун 60 млн доллар ажратди

Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистонга 60 млн доллар миқдорида кредит ажратмоқда. Ушбу маблағлар ҳисобига мамлакатда солиқларни ҳисоблаш ва тўлашни автоматлаштириш даражасини 90 фоизга, ҚҚС ундиришни 75 фоизга етказиш, солиқ ҳисоботларини тайёрлаш ва топшириш вақтини икки баробарга қисқартириш мақсад қилинган.

Сирдарёда кучли таъсир қилувчи дориларни олиб кетаётган Lacetti тезкор тадбир давомида тўхтатилди (видео)

Сирдарёнинг Сайхунобод туманида Lacetti ҳайдовчиси ЙПХ ходимларининг кўрсатмасига бўйсунмасдан, қочишга уринди. Автомобиль салони кўздан кечирилганида, кўп миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган. Ҳайдовчини ушлаш акс этган видео ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

Сурхондарёдаги чегара божхона постида картошка орасидан 154 кг «гашиш» топилди

Сурхондарё вилоятидаги «Айритом» чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган юк машинасига ортилган 22 тонна картошка орасига 154 кг «гашиш» яшириб қўйилгани аниқланди. Ушбу гиёҳвандлик моддаси картошкалар кўринишида қадоқланган.

Швейцария компанияси сувни вирус ва бактериялардан 99,99 фоизгача тозалайдиган технологияларни таклиф қилди

Швейцария компанияси Давлат экология қўмитасига электролиз орқали сувни 99,99% гача вируслар, шу жумладан COVID-19, бактериялар ва бошқалардан тозалайдиган технологияларни жорий этиш бўйича таклиф берди. Экоқўмита ҳамкорлик имкониятларини тегишли вазирлик ва идоралар билан кўриб чиқишини маълум қилди.

Ўзбекистонга 2,1 млндан ортиқ Moderna вакцинаси келтирилди

Душанба куни Ўзбекистон COVAX дастури доирасида коронавирусга қарши яна 2,1 млн дозадан ортиқ Moderna вакцинасини қабул қилиб олди.

Ҳафта давомида қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда

Март ойи охиригача республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат сешанба куни баъзи ҳудудларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат жанубда +25 даражагача кўтарилади.

«Инсон ҳуқуқлари уйи» ташкил этилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — «Инсон ҳуқуқлари уйи» ташкил этилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

1 апрелдан нималар ўзгаради?

Кекса ёшдагилар бепул дори-дармон билан таъминланади, айрим боғчаларга болаларни 2 ёшдан қабул қилишга рухсат берилади, UzAuto Motors автомобили фақат харид қилиш бўйича шартнома тузган шахс номига расмийлаштирилади, ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини суратга олиб юборганларга пул тўланади, ногиронлик нафақаси ва пенсияси миқдори оширилади, фарзандини хусусий боғча ва мактабга берганлар даромад солиғидан озод этилади — 1 апрелдан нималар ўзгаради?

Ўзбекистонда қайси ҳоким ўз қарорларини тез-тез бекор қилиб туради?

28 март ҳолатига e-qaror.gov.uz электрон тизимида 221 та вилоят, туман, шаҳар ҳокимиятлари қабул қилган 76 мингга яқин ҳоким қарорлари ҳақида маълумот мавжуд. Ушбу маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳокимиятлар бир йил ичида кунига ўртача 177 та қарор қабул қилган. Қарши шаҳар ҳокими эса ўртача ҳар икки кунда ўзи томонидан қабул қилинган битта қарорни бекор қилади.

«Бу вазият барчамизни бирлаштирди». Харьковдаги «Наврўз» ресторани бошқарувчиси — аҳоли учун бепул тушликлар ҳақида

Бир неча ҳафтлардан бери ўққа тутилаётган Украинанинг Харьков шаҳрида маҳаллий аҳоли «Наврўз» ўзбек ошхонаси ресторанида бепул тушлик олишлари мумкин. Бу — ресторан эгаси ва Харьковдаги ўзбек диаспораси раҳбари Шаҳобиддин Юсуповнинг ташаббуси. «Газета.uz» унинг ҳамкасби, ресторан бошқарувчиси Мейдан Мухамедьяров билан суҳбатлашди.