Президент маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқи давомида Ўзбекистоннинг савдони либераллаштиришдаги ютуқларига тўхталиб ўтди. Шунга қарамасдан, у иш ўринларини яратиш, ташқи савдодаги дефицит, логистика ва интеграция билан боғлиқ тўртта хавфни айтиб ўтди.

Жумладан, жиддий хатарлардан бири бу — cавдони эркинлаштириш ва иш ўринлари яратиш масалалари ўртасидаги мувозанатни сақлаш заруратидир, деди Галина Саидова.

Маслаҳатчи ўринбосари иккинчи «қарама-қаршилик» сифатида ташқи савдодаги йирик дефицитни қайд этди.

Унинг фикрича, «Ўзбекистон бугунги кунда, айниқса, сўнгги пайтларда жуда оғир хис қилаётган ва мавжуд бўлган» навбатдаги хатар бу — логистика.

Галина Саидованинг сўзларига кўра, тўртинчи хавф, бу — ақлли ва мувозанатли сиёсатни амалга ошириш зарурати. Гап глобал ва минтақавий интеграция жараёни ҳақида кетмоқда.

Ушбу фикрлар юзасидан иқтисодчи-блогерлар ўз муносабатларини билдирди.

Ботир Қобилов: «Ушбу мақолани 3 маротаба ўқисам ҳам иқтисодиётимизга либерализациянинг қандай рисклари мавжуд эканлиги ҳақида тушунмадим. Тўғриси».

беҳзод ҳошимов, ботир қобилов, галина саидова, отабек бакиров, савдони либераллаштириш

Фото: Ботир Қобиловнинг шахсий архивидан

«Айтилган шундай рисклардан бири адашмасам, бу — иқтисодиётни эркинлаштириш ва иш ўринлари яратиш масалалари ўртасидаги мувозанатни сақлаш зарурияти экан. Яъни савдони либераллаштириш ва иқтисодий интеграция амалга оширилса, ишчи ўринлари хавф-хатарга учрайдиган бўлиб чиқяптими? Нега иккаласи бир-бирига қарши омиллар бўлиши керак?» — деган саволни ўртага ташлади иқтисодчи ва «Газета.uz» колумнисти Ботир Қобилов.

«Умуман олганда, мақолани четга суриб турадиган бўлсак, савдо либерализацияси ва иқтисодиётни эркинлаштириш керакми, керак эмасми, унинг хатарлари қандай, келинг шошмайлик, эҳтиёт бўлиш керак, геосиёсатни ўйлайлик, ишчи ўринлари нима бўлади, ваҳоказо-ваҳоказо аргументларни ҳалигача (календарда 2022 йил) эшитиш менга шахсан ғалати. Компартия баёноти ёзилган касетасини жуда кўп маротаба ўйнатдик, тингладик. Ваҳоланки, касеталар икки авлод ортда қолиб кетган технология…», — деб ёзди у.

Беҳзод Ҳошимов: «Айтилган „рисклар“ савдони эркинлаштирмаслик учун сунъий ўйлаб топилган қийинчиликлар. Улар мавжуд эмас».

беҳзод ҳошимов, ботир қобилов, галина саидова, отабек бакиров, савдони либераллаштириш

Бекзод Ҳошимов. Фото: Hoshimov Iqtisodiyoti.

«Масалан, ишчи жойлари яратилиши, бу — эркин савдога қарама-қарши эмас — айнан тескариси. Дунё савдосидан ўзимизни ўзимиз тўсганимиз учун ишчи жойлар бизда яратилиши қийин. Айнан шу энг катта муаммо — савдодан ўзини тўсган мамлакатда, янги ишчи жойларини яратиш ниҳоятда „қиммат“. Буни рисклардан бири деб айтиш, албатта хато», — дея таъкидлади иқтисодчи ва «Газета.uz» колумнисти Беҳзод Ҳошимов.

«Бундай деса бўлади: савдони эркинлаштирмаслигимиз бизни халқаро занжирларга киришимиз ва инвестициялар жалб қилишимизни қийинлаштиради, бунинг натижасида янги иш жойлари яратилмасдан қолиб кетади. Лекин, „ҳимояланган“ ва бир қўлда санаб чиқса бўладиган ташкилотлар бундан кўп манфаат олишади ва бир неча ўн минг инсонлар учун ойлик тўлашни баҳона қилиб, қолган 34 млн инсон қимматроқ товар ва хизматлардан фойдаланиши керак ва муҳими, дунёда рақобатбардош бўлган товар ишлаб чиқариш рағбатидан барча бошқа потенциал корхоналарни маҳрум қиламиз», — деб ёзди иқтисодчи.

«Худди шундай логистика қимматлиги эркин савдони қўллашга «риск» қилиб кўрсатилган. Тескариси — айнан қиммат логистика бўлгани учун, савдони бунинг устига янада эрксиз қилиш — икки карра мантиқсиз. Чунки савдога бож қўйиш ва қиммат логистика тенг нарсалар. Иккови ҳам савдони қиммат қилади. Агар қиммат логистика ёмон бўлса, демак савдога чеклов ҳам, ёмон дегани. Бу мантиқий номутаносиблик.

Масалан, чет элдан келган шакар бизни бозорда чет элдан 50% қиммат бўлса ва буни 25% логистика қолган 25% божлар бўлса, иқтисодий нуқтаи назардан теппа тенг ўлчовлар. Шакар 50% қиммат, нуқта. Демак, агар логистикани арзонлаштирсак, дейлик мўъжиза бўлиб шакарни логистикаси 25% дан 5% га тушса — хафа бўламизми? Йўқ. Худди шундай, бож ҳам 25% дан, нолга тушса — хурсанд бўлишимиз даркор. Яъни риск деб саналган сабаб, аслида савдони эркинлаштириш учун аргумент. Тепадаги «ишсизлик» ҳам.

Сиёсий риск сабаблари: ЕОИИнинг (Евросиё иқтисодий иттифоқи) барча аъзолари, ҳатто бутун дунё санкция қўллаган Россия ҳам, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) аъзоси. ЖСТга кирмаслигимизга сабаб қилиб сиёсатни кўрсатиш, ҳақиқатдан узоқроқ. 1994 йилдан бери ЖСТга кирамиз, ҳар беш йилда янги сабаб: Осиё молиявий инқирози, Россияда «дефолт», дунёдаги иқтисодий инқироз, минтақада ностабиллик, коронавирус ва ҳоказо. Яъни кирмаслик учун сабаб қидириб топиш бўйича бизга тенг келадигани йўқ. ЖСТда ҳам тушунишса керак — 28 йилдан бери «кириш нияти» бор мамлакат бу йили ҳам кирмаслиги аниқ.

Иккинчи риск эса — тўлиқ тескари. Савдодаги негатив тўлов баланси — бу табиийки мусбат инвестицион баланснинг ҳосиласи. Яъни, эртага бизда инвестициялар кўпайиб кетса ва биз валютани фиксация қилмасак, табиийки негатив савдо баланси бўлади. Бу энг оддий қонуният. Ҳозирги негатив баланс — бизга кириб келаётган долларлар ҳисобига қондирилади. Масалан, давлат қарз оляпти ва бу пулга спорт саройи қуряпти. Четдан келган ускуналар, ўша «негатив баланс»да. Оила Россиядан доллар оляпти ва чет элда чиққан ун сотиб оляпти — бу ҳам ўша балансда. Қисқаси, «негатив баланс»ни хоҳламасак, чет элликлар инвестиция қилишини хоҳламаслигимиз керак ёки валютани сунъий равишда ушлаб туришимиз керак. Қандайдир маънода, савдони чеклашимиз ҳам ўша «негатив баланс»нинг сабаби — оқибати эмас.

Хулоса шуки, мени тушунишимча, бизда савдо қандай эркин бўлмаган бўлса, шундайлигича қолади", — дея якун ясади Беҳзод Ҳошимов.

Отабек Бакиров: Чидаб ўқидим, лекин ЕОИИ альтернативаси тилга олинган жойда тўхтатдим

беҳзод ҳошимов, ботир қобилов, галина саидова, отабек бакиров, савдони либераллаштириш

Фото: «Ular» лойиҳасидан кадр

«Бу худди 1945 йил апрелда Гитлер Германиясига иттифоқчи бўлишни режалаш каби ёки 1989 йилда СЭВ (Ўзаро иқтисодий ёрдам кенгаши) шартномасига қўшилишни мўлжаллаш сингаридир. Тасаввур қилишингиз учун.

Ўқиган жойимгача англаганим шуки, булар иқтисодий парадигмаларда оқни қора, қорани оқ, деб айта олишади ва энг ёмони — сиёсий қарорлар қабул қилувчиларга шуни ишонтириб ҳам келишмоқда.

Инвестиция форумидан олган ягона фойдамиз менимча шу. Форум баҳона иқтисодий мафкура шакллантираётган собиқ госпланчиларнинг дунёқарашини ўзимиз учун ҳеч қурса тасаввур қилиб олдик. Энди буёғига иллюзияга берилмаслик керак.", — деди иқтисодчи ўзининг «bakiroo» Telegram-каналида.