Тошкентда тўлов [QR-кодли] чек берилмагани учун тадбиркор устидан «Soliq» иловаси орқали шикоят қилган фуқаролар «самомуд» қилингани акс этган видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий муносабат билдирди.

Таъкидланишича, ҳолатлардан бири 18 март куни Бектемир туманида содир бўлган. 2003 йилда туғилган А.Р. дўконга харидор сифатида кириб, харид қилинган маҳсулот учун тўлов варақаси (чек)ни сўраган. Уни бермаганлиги учун дўконларнинг «QR-кодини» сканер қилиб Soliquz иловасининг «Солиқ ҳамкор» саҳифасига юборган. Бунинг учун 1990 йилда туғилган П.С. ва 1991 йилда туғилган К.Ф. уни турли сўзлар билан ҳақорат қилган.

Бошқа бир ҳолатда эса 20 март куни Сергели туманида содир бўлган. Бир қанча фуқаролар 1997 йилда туғилган Л.Ф.ни чекни бермаганлиги бўйича маълумотларни солиқ идораларига бераётганликда айблашган. Сўнг фуқаролар уни турли сўзлар билан ҳақоратлаб, шовқин кўтариб жамоат тартибини бузишган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-модда (ҳақорат қилиш), 183-модда (майда безорилик), 200-моддалари (ўзбошимчалик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Маълумот ўрнида, 41-моддада БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима, 183-моддада БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ, 200-моддада фуқароларга БҲМнинг 1/3 қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жаримага тортиш назарда тутилган.