Вазирлар Маҳкамасининг 25 мартдаги [133-сон] қарори билан Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Унга кўра, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун рухсатномалар Давлат геология қўмитаси томонидан ҳар йили тасдиқланадиган ер қаъри участкалари бўйича берилади.

Бунда ер қаъри участкаси ишончли, аниқ контурлари ва чегаралари кўрсатилган, ўлчами 5 гектаргача бўлган сочма олтин конлари бўлади.

Низомга кўра, ер қаъри участкалари «Е-auksion» порталига қўйилади ва унинг бир гектари бошланғич нархи БҲМнинг 35 баравари (9 млн 450 минг сўм) этиб белгиланади.

Рухсатномалар «Е-auksion»даги аукцион якунлари бўйича фақат Ўзбекистон резидентларига 3 йилга берилади.

Рухсатнома олганлар қазиш ишларини бошлашдан аввал ёзма равишда ҳокимиятни, Экология, Саноат хавфсизлиги қўмиталари, Кон-геология инспекциясини хабардор қилиши керак.

Қазиб олинган қимматбаҳо металлар қабул кассаларига, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга сотилади.