Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани ҳокимининг ўринбосари 12 минг доллар пора олаётганда ушлангани айтилмоқда. Бу бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХ ходимлари тезкор тадбир ўтказган.

Таъкидланишича, ҳоким ўринбосари У.А. мансаб мавқеидан фойдаланиб фуқарони «Қиртепа» маҳалласидаги ноқонуний қурилган турар жой биноларини буздирмасликка ишонтирган.

Бундан ташқари, маҳалладаги туман хокимлиги захирасида бўлган 18 сотих ерни турар жой қуриш учун ажратиб бериш ваъда қилган. Ушбу хизматлар эвазига жами 12 000 АҚШ доллари пора талаб қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари фуқарога 1000 гектар ерни ажратишга ваъда бериб, бунинг эвазига 80 минг доллар сўрагани айтилганди.